Янгиликлар - 19:13 · 24.03.2021

Навоийда маст эркак хотини ва унинг танишларини пичоқлади

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида 18 март куни маст эр турмуш ўртоғи ва унинг танишларини пичоқлаб қўйди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»/ Иллюстратив

Маълум қилинишича, соат 23:30 атрофида Зарафшон шаҳар 6-кичик туманда яшовчи эркак Б.М. Конимех туманидан акасининг таъзиясидан қайтганида уйида турмуш ўртоғи Т.Н. йўқлигини билган. Унга қўнғироқ қилганида Зарафшон шаҳар 1-кичик туманида таниши З.Б.нинг уйида эканлигини, шу манзилга келишини айтган. Шундан сўнг эркак соат тахминан 00:30 атрофида хотини айтган манзилга келиб, у ерда танишлари З.Б ва П.А.лар спиртли ичимлик ичиб ўтирганини кўрган. Шунда З.Б. уйга келган Б.М.га битта ароқ олиб келишини буюрган. Эркак ароқ олиб келганидан сўнг улар биргаликда ичган.

Келтирилишича, уларнинг ўртасида келиб чиққан ўзаро жанжал оқибатида эркак стол устида турган ошхона пичоғи билан дастлаб З.Б.нинг бўйин сохасига 1 маротаба ва кўкрак қисмига 2 маротаба урган. У ўзининг ҳаракатларини давом эттириб, фуқаро П.А.ни ўнг кўкрак қафасига ошхона пичоғи билан 1 маротаба, сўнгра турмуш ўртоғи Т.Н.нинг елка қисмига 2 маротаба уриб жароҳат етказган. Шу вақтда хотини унга ўлдирмаслигини айтиб, ялинганидан сўнг у ҳаракатларини тўхтатган.

Қайд этилишича, Б.М. стол устида турган уйнинг калит билан ташқи томонидан қулфлаб, чиқиб кетган. Хотини эса тезда ИИБ ва тез ёрдамга қўнғироқ қилиб, хабар берган. Бироқ фуқаро З.Б. олган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойининг ўзида вафот этган. Т.Н. ва П.А.лар шифохонага олиб кетилган.  Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида фуқаро Б.М. Зарафшон шаҳар 7-кичик туман 3-уй олдида ушланган.

Аввалроқ Сурхондарёда қизини кўргани борган эркак хотинини пичоқлагани ва Сирдарёда 18 ёшли йигит қариндоши томонидан пичоқлаб ўлдирилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Навоийда 52 ёшли эркак жанжал оқибатида танишини пичоқлаб ўлдиргани маълум қилинган.

Bugun — LIVE