Американинг «Pfizer» фармацевтика компанияси коронавирусга қарши янги таблетка шаклида ишлаб чиқилган препаратни одамларда синовдан ўтказишни бошлади. Бу ҳақда «Pfizer» фармацевтика компанияси веб-сайтида хабар берилди.

Фото: «Associated Press»

Компания бош олими Микаэл Долстен таъкидлашича, айни пайтда тадқиқот муаммоларга дуч келмаган, синов натижалари эса бир неча ҳафта ичида тайёр бўлади.

«Агар синов муваффақиятли якунланса, таблетка кўринишидаги яни препарат вирусни тўхтатиш учун касалликнинг бошланғич даврида беморларга тавсия этилиши мумкин», дейилган компания баёнотида.

Қайд этилишича, олинадиган натижалар ижобий бўлса, «Pfizer» иккинчи ва учинчи босқич синовни иккинчи чорак бошида бошлайди. Бу унга шу йил охиргача препаратни фавқулодда қўллаш учун фармацевтика компаниясига ариза беришга имкон яратади. Маълум қилинишича, таблетка кўринишидаги дори воситаси вирус тарқалишини олдини олиши учун протеаз деб аталувчи фермент билан боғланган бўлиб, ундан ОИВ ва гепатит C’ни даволашда ҳам кенг қўлланилади.

Маълумот ўрнида, синов давомида препаратнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги баҳоланади. Шу билан бирга, ишлаб чиқарувчилар томирга юбориладиган вирусга қарши яна бир препаратни ҳам синовдан ўтказмоқда. Бу касалликнинг оғирроқ босқичидаги беморларни даволашда қўлланилиши мумкинлиги айтилган.

Aввалроқ «BioNTech/Pfizer» 2022 йилда 3 миллиард дозагача вакцина ишлаб чиқариши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Японияда биринчи марта «Pfizer» вакцинаси билан эмланган беморда хавфли ножўя таъсир кузатилгани маълум қилинган.