Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 24 март куни ўтказилаётган йиғилишда Шерзод Асадов Президент матбуот котиби дея таништирилди. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўзининг Telegram каналида хабар берди.

Фото: Twitter/ @sherzod_asadov

Қайд этилишича, Шерзод Асадов Президент Администрацияси раҳбарининг янги ўринбосари — Президент матбуот котиби вазифасига тайинланган. У бунга қадар ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

«Ҳозиргина бизга келган хабарга кўра, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов Президент администрацияси раҳбари ўринбосари — Президент матбуот котиби лавозимига тайинланибди. Шерзод Асадовни тажрибали, ҳалқаро ташкилотлар талабларини яхши тушунадиган етук кадрлардан бири деб ҳисоблайман. Ўз вақтида унинг бевосита ёрдамида биз ЕХҲТ ва кўплаб Европа мамлакатларининг сўз эркинлиги билан боғлиқ ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, кўплаб лойиҳаларни амалга оширган эдик.

Ўйлайманки, ушбу тайинлов фақат яхшиликка хизмат қилади. Юқорида сўз эркинлиги ва очиқликнинг давлат ва жамият, шунингдек, халқаро миқёсдаги ролини тушунадиган яна битта савияли одам пайдо бўлди ва бу билан барча матбуот ходимларини самимий табриклайман. Бизнинг сафимиз яна битта одамга кўпайди. Шерзод Асадовни осон бўлмаган, масъулиятли ва шу билан шарафли вазифа билан қутлаб, унга омад тилаб қоламан», — деб ёзади Алламжонов.

Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида берилган маълумотларга кўра, Шерзод Асадов 1981 йил 4 май куни Бухоро вилоятида туғилган. У Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетини тамомлаган. Турли йилларда Ўзбекистоннинг Сингапур ҳамда Австриядаги элчихоналарида масъул лавозимларда фаолият юритган.