Ҳиндистон «AstraZeneca» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирус вакцинасини экспорт қилишни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда «NDTV» телеканалига асосланиб, «BBC» хабар берди.

Фото: «PTI»

Маълум қилинишича, мамлакатнинг ушбу қарори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг CОVAX дастури бўйича камбағал мамлакатларга коронавирусга қарши вакциналар етказиб беришни ўз ичига олган таъминотга таъсир қилиши мумкин.

«Ҳиндистон ҳукумати мамлакатда коронавирусга чалиниш кўрсаткичи яна ошгани боис ‘AstraZeneca’ вакцинасини экспорт қилишни тўхтатди. Бу билан ҳукумат, биринчи навбатда, маҳаллий аҳолини коронавирусга қарши эмлашга кўпроқ эътибор қаратмоқчи. Аммо бу — вақтинчалик чора», дейилади хабарда.

Ҳозирга қадар CОVAX дастури Ҳиндистондан 17,7 миллион доза «AstraZeneca» вакцинасини олган.

Аввалроқ Ҳиндистоннинг COVID-19’га қарши 660 минг доза «CoviShield» вакцинаси Тошкент халқаро аэропортига олиб келингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонга келтирилган «AstraZeneca» вакцинасидан нима учун кўп давлатлар бош тортганига изоҳ берилган.