Ҳиндистоннинг геном консорциуми 18 штатда коронавируснинг ҳозирда маълум бўлганларидан ташқари икки марта мутацияга учраган яна бир янги штаммини аниқлади. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига асосланиб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, консорциум ўз ишини бошлаганидан буён ташвишга соладиган 771 та вариант аниқланган. Буларнинг ичида 736 та вариант «британча» штаммга, 34 та вариант «Жанубий Африка» штаммига, 1 та вариант «бразилча» штаммга алоқадор бўлиб чиққан. Текширувлар давомида мутахассислар бир неча кундан буён коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқланиши бўйича етакчи ўринни эгаллаб келаётган Маҳараштра штатида яна янги штаммни аниқлаган.

«Маҳараштра штатидан олинган намуналарни таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, E484Q ва L452R мутациялари бўлган намуналар улушида 2020 йил декабрь билан таққослаганда ўсиш кузатилган. Яъни икки мутациянинг бирлашиши ҳисобига янги штамм вужудга келган. Бундай мутациялар иммунитетни енгиш ва юқумли касалликнинг кўпайишини таъминлайди. Ушбу мутацилар таҳлил қилинган намуналарнинг тахминан 15–20 фоизида қайд этилган. Айни пайтдаги вазият текширувларни давом эттириш ҳамда соғлиқни сақлаш чораларини кучайтиришни талаб қилади», дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, геном консорциуми 2020 йилнинг декабрь ойида Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган бўлиб, таркибига вирус геномини таҳлил қиладиган ва янги вариантларни аниқлайдиган 10 та миллий лаборатория киради.

Аввалроқ Норвегияда коронавируснинг яна бир янги штамми аниқлангани маълум қилинганди. Шунингдек, Японияда ҳам коронавируснинг яна бир номаълум штамми тасдиқлангани ҳақида хабар берилган.