Россия 1 апрелдан Ўзбекистон билан мунтазам авиақатновларни қайта тиклайди
Қатновлар ҳафтасига бир маротаба амалга оширилади
Россия 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон билан Москва-Тошкент йўналишида авиақатновларни қайта тиклайди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Хабарга кўра, қатновлар ҳафтасига бир маротаба амалга оширилади. Россия бош вазири ўринбосари Татяна Голикова Россия тезкор штабининг йиғилишини ўтказган.
«Бўлиб ўтган муҳокама натижасига кўра, мамлакатлардаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олиб ҳамда Бош вазир Михаил Мишустин билан келишган тарзда 1 апрелдан Венесуела (Москва-Каракас ҳафтасига икки марта), Сурия (Москва-Дамашқ ҳафтасига бир марта), Тожикистон (Москва-Душанбе ҳафтасига бир марта), Ўзбекистон (Москва-Тошкент ҳафтасига бир марта) ва Шри-Ланка (Москва-Коломбо ҳафтасига бир марта) билан ўзаро халқаро рейсларни қайта тиклаш бўйича қарор қабул қилинди», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ўзбекистоннинг 8 шаҳри билан мунтазам авиақатновни йўлга қўйгани ҳақида хабар берилган.