10:54 | 25.03.21 75

Соғлиқни сақлаш вазири 5 та вилоят ССБ бошлиқларига ҳайфсан берди

Бунга уларнинг аҳоли мурожаатларига бефарқ бўлгани сабаб бўлган

Соғлиқни сақлаш вазири 5 та вилоят: Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига ҳайфсан берди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашиши оқибатида мурожаатларни кўриб чиқишнинг қонунда белгиланган муддатлари бузилишига йўл қўйгани учун вазирнинг тегишли буйруқлари билан Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига ҳайфсан эълон қилинди.

Қайд этилишича, Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли «Ихтисослаштирилган автотранспорт» давлат корхонаси раҳбарининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб бир гуруҳ ходимлар вазирликка мурожаат этди. Унда корхона раҳбарининг 2020 йил 26 декабрдаги 133-сонли буйруғига асосан ушбу муассасанинг автомобилларни таъмирлаш бўлими автослесари Ю.Д., маъмурий бошқарув бўлими автомобилларни таъмирлаш бўлими муҳандиси Б.И., маъмурий бошқарув бўлими АКБ муҳандиси М.Н., маъмурий бошқарув бўлими бош муҳандиси Ҳ.Н., Самарқанд туман тез тиббий ёрдам бўлими автокарвон бошлиғи А.О., Самарқанд шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими автокарвон бошлиғи А.И., маъмурий бошқарув бўлими иқтисодчиси Ж.Х., маъмурий бошқарув бўлими Кадрлар бўлими бошлиғи Г.Р., маъмурий бошқарув бўлими маош ҳисобчиси С.Ш., маъмурий бошқарув бўлими катта механиги А.С. билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддасига мувофиқ бекор қилинганидан норозилик билдирилган.

Мурожаат юзасидан бевосита вазирликнинг ўзи томонидан ўтказилган ўрганиш жараёнида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда Меҳнат кодексининг 101-моддаси талаблари қўпол равишда бузилгани аниқланган. Шунга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли кўрсатмаси асосида амалдаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда чиқарилган юқоридаги буйруқ бекор қилиниб, ходимларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди ҳамда ғайриқонуний буйруқ чиқарилишида айбдор бўлган корхона раҳбарига нисбатан тегишли интизомий жазо чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятида 22 нафар мансабдор ишдан олингани ҳақида хабар берилган.