Тошкент вилоятидаги «Амирсой»га олиб борадиган йўлда йўл чўкиши содир бўлди — фото
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидан ўтган йўлда йўл чўкиш ҳолати кузатилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтган, «Амирсой» сиҳатгоҳига олиб борувчи йўлнинг 3-километрида, 19-20 пикетида йўл чўкиш ҳолати кузатилгани боис, зудлик билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа идоралар ҳамкорлигида тезкор чоралар кўрилмоқда. Транспорт воситалари ҳаракати ушбу автомобиль йўлида вақтинча тўхтатилди.

Қайд этилишича, шу сабабли дам олишга борувчилар туман ҳудудидан ўтган 4Р-6 Тошкент-Чимён автомобиль йўлининг 72-километрида ортга қайтарилмоқда. «Йўл созлаш ишлари амалга оширилиб, ҳаракат тикланганидан сўнг қўшимча маълумот берилади. Дам олишга боришни режа қилган фуқаролардан вақтинча Амирсой томон ҳаракатланмасликларини сўраймиз» дейилади хабарда.

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида кучли жала ёғиши оқибатида ер сатҳи чўккани ва темир йўлларга ҳам зиён етгани ҳақида хабар берилган.