Тошкентдаги тиббиёт марказида шифокор aёл маст бемор томонидан калтакланди
Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология қабул бўлимида 37 ёшли маст эркак шифокор аёлни калтаклади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 24 март куни кечки пайт соат 23:15 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология қабул бўлимига пойтахтнинг Олмазор туманида яшовчи 37 ёшли фуқаро У.Н. онаси ҳамроҳлигида текширувга олиб келинади. Беморнинг онаси токсиколог хонасида ўз хизмат фаолиятини ўтаётган навбатчи шифокор Н.Ташпўлатовага ўғли бир неча кундан бери спиртли ичимлик ичаётганлигини билдирган. Навбатчи шифокор ўша вақтда бошқа беморни тиббий кўрикдан ўтказаётганини ва бундан сўнг уларни ҳам қабул қилиб, керакли ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Қайд этилишича, беморнинг онаси тиббиёт ходимларига нисбатан турли ҳақоратли ва туҳмат сўзлар билан эътироз билдиришни бошлаган. Бу ҳам етмагандек бемор У.Н. тўсатдан шифокор Н.Т.га оғир тан жароҳати етказган. Шифокор Н.Т.да бош мия шиши асорати кузатилиб, «Кўшма краниофациал жароҳат. Оғир даражадаги бош мия ёпиқ жароҳати. Бош мия оғир даражада лат ейиши. Субарахноидал қон қуюлиши. Бурун суяклари ва бурун тўсиғи синиб силжиши. Энса ва бурун соҳаларни юмшоқ тўқималарининг лат ейиши. Назогеморрея» ташхиси билан нейрореанимация бўлимига ётқизилди. Айни пайтда у кучли карахтлик даражасида бўлиб, оғир аҳволда даволанмоқда. Бемор атрофдагиларга секин реакция бериб, мулоқотга киришишга қийналмоқда.
Таъкидланишича, хизмат вазифаси вақтида бемор томонидан ноҳақ калтакланган шифокор Н.Т. 2017 йилдан буён шифокор-токсиколог лавозимида ишлаб келмоқда, ўз хизмат вазифасини клиник протоколларга риоя қилиб, талаб даражасида бажариб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда тез ёрдам шифокори беморнинг ўғли томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилган.