Қирғизистон ҳукумати делегациясининг раҳбари Қамчибек Ташиев 26 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Қирғизистон делегациялари ўртасидаги учрашув натижаларини маълум қилди. Бу ҳақда «АКИpress» ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: «Axbor»

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг айтишича, қирғиз-ўзбек чегараларида энди баҳсли ҳудудлар бўлмайди. Чегара масалаларини ҳал қилишда томонларнинг ҳеч бири «ютмаган ва ютқазмаган».

Маълум қилинишича, томонлар лойиҳа чизиғининг Кампир-Обод (Андижон) сув омбори ҳудудида 900 горизонтал остидан 312-рақамли чегара нуқтасидан 312/3-рақамли чегара нуқтасигача ўтиши тўғрисида келишиб олган.

Келишув натижаларига кўра, қуйидаги шартлар бажарилса, тўғон Ўзбекистон ҳудудида қолиши белгиланган:

  • Кампир-Обод сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисида ҳукуматлараро келишувни имзолаш. Бунда, уни 900 горизонталдан юқорига тўлдирмаслик керак бўлади, фавқулодда вазият бундан истисно;
  • Ўзбекистон томони Қирғизистон фуқароларини сувдан эркин ва тўсиқларсиз фойдаланишини таъминлаши керак бўлади. Бунга балиқчилик, суғориш, ҳайвонларга сув бериш ва бошқалар киради;
  • Ўзбекистон томони сув омбори «пиёласи»нинг атрофида муҳандислик-техник қурилмаларни ўрнатмаслик мажбуриятини олади.

Қайд этилишича, демаркация жараёнида Ўзбекистон Андижон вилоятининг Ўш вилояти Узген тумани ва Жалол-Обод вилоятининг Сўзак туманлари билан чегарадош ҳудуддаги 304- ва 312-рақамли чегара нуқталари оралиғидаги 1000 гектар ерни товон сифатида Қирғизистонга топширади. Шу муносабат билан томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистон сув хўжалиги ташкилотларига Кампир-Обод сув омборининг сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш ва бошқариш бўйича ҳукуматлараро келишув лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғини берган.

Шунингдек, томонлар Шаҳрихонсой каналининг ҳудудларини (чап томони), 312 ва 312/3 чегара нуқталари ҳудудидаги Андижон сув омбори тўғонини, каналдан тўғон ўртасигача, Ўзбекистонга 50 гектар ерни қолдириб, хатловдан ўтказишга келишиб олган.

Ўзбекистон томони демаркация жараёни давомида Андижон вилояти ва Ўш вилояти Узген тумани билан чегарадош ҳудудда 304- ва 312-рақамли чегара нуқталари орасидаги 50 гектар ерни Қирғизистонга товон сифатида топшириши белгиланган. Ўрта-Тўқай (Косонсой) сув омбори қурилиши учун ажратилган ерларнинг товони сифатида Кўк-Серек (Қорақўрғон) ҳудуди хатловдан ўтказилиши, бунда 23- ва 24-рақамли чегара нуқталари орасидаги 105 гектар ер Қирғизистон ҳудудида қолиши айтилган.

Юқоридагилардан ташқари, икки мамлакат қуйидаги ҳудудларни ҳам хатловдан ўтказишга келишган:

  • Баястан ҳудуди, 81 ва 82-рақамли чегара нуқталари орасидаги 212 гектар ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
  • Савай ҳудуди, 312/4 ва 312/6-рақамли чегара нуқталари орасидаги 100 гектар ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
  • Ункар-Тоо ҳудуди, 113 ва 114-рақамли чегара нуқталари орасидаги 35 гектар ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
  • Демаркация вақтида Белес ҳудуди қайта хатловдан ўтказилади, 25 ва 27-рақамли чегара нуқталари орасидаги 25 гектар ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
  • Қўшма дала тадқиқотларидан сўнг Гавасой ҳудуди хатловдан ўтказилади, бунда Кампир-Обод каналининг қурилмаган чап соҳили эвазига Қирғизистонга 8000 гектар ер қолдирилади.

Аввалроқ Ўзбекистон Ункар-Тоони беришга, Қирғизистон эса Сўх йўлини очишга келишиб олгани маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон Қирғизистонга қайтариб бериш шарти билан электр энергияси етказиб бериши хабар берилган.