Aмериканинг «Pfizer» компанияси Германиянинг «BioNTech» компанияси билан бирга 12 ёшгача бўлган болаларда вакцина хавфсизлиги ва самарадорлигини клиник синовдан ўтказишни бошлади. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «EPA»

Маълум қилинишича, тадқиқот натижалари 2021 йилнинг иккинчи ярмида тайёр бўлади. Биринчи босқичга 144 нафар бола қамраб олинади. Кейинчалик яна 4500 нафар бола иштироки таъминланади.

«Ҳамкоримиз ‘BioNTech’ билан бирга 6 ойликдан 12 ёшгача бўлган болаларда COVID-19 вакцинасини баҳолаш бўйича глобал тадқиқот бошланганини маълум қиламиз», — дея таъкидлаган «Pfizer» компанияси бош директори Aльберт Бурла.

Маълумот ўрнида, ушбу вакцина 2020 йил ноябрь ойидаги клиник синовларда 90 фоиздан юқори самарадорликни кўрсатган, ЖССТ 2020 йил охирида вакцинани фавқулодда ишлатишга рухсат берган.

Aввалроқ «BioNTech/Pfizer» 2022 йилда 3 миллиард дозагача вакцина ишлаб чиқариши маълум қилинган. Шунингдек, Австрияда «Pfizer/BioNTech» билан эмланган 41 киши вафот этгани ҳақида хабар берилганди.