Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Тожикистонда ўткир юқумли полиомиелит касаллиги тарқалаётгани ҳақида баёнот берди. Ушбу давлатда асаб системасини фалаж қиладиган хасталикни юзага келтирувчи поливирус (сПВВП2) билан 4 нафар бола зарарлангани аниқланган. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати полиомиелит касаллиги тўғрисида маълумот берди.

Фото: «med.uz»

Унга кўра, касаллик бошқарилувчи ўткир юқумли характерга эга бўлиб, асосан, орқа миянинг марказий нерв системасини зарарлайди. Оқибатда бемор умрининг охиригача мажруҳ бўлиб қолиши, ҳатто ўлим ҳолати ҳам кузатилиши мумкин. Касаллик оқар сув, озиқ-овқат маҳсулотлари, ифлосланган қўллар орқали юқади. Шунингдек, бемор билан ёки касаллик қўзғатувчисини ташиб юрувчилар билан мулоқотда бўлганда ҳам юкади. Вирус ҳаво-томчи йўллари орқали (аксирганда, йўталганда), шунингдек, ифлосланган сабзавот, мева, қайнатилмаган сув ва сутни истеъмол қилганда пайдо бўлиши мумкинлиги аниқланган.

Полиомиелит касаллигига сабаб бўлувчи поливирус ичак инфекцияларидан бири ҳисобланади. Ундан кўпроқ болалар зарарланиши кузатилган. Бироқ катталарга ҳам ушбу инфекция юқиши исботланган. Хасталикнинг яширин даври ва илк белгилари ҳам бўлиб, яширин даври вирус юқтирилган кундан бошлаб 21 кунгача чўзилиши мумкин. Беморнинг ҳарорати 38–39 даражагача кўтарилади, мушакларда оғриқ пайдо бўлиши ва ич кетиши кузатилади.

Бу белгилар 4–5 кундан кейин ўтиб кетиб, бир ҳафтадан сўнг ҳарорат яна кўтарилади ва турли мушаклар, айниқса, оёқ ва қўллар фалажи авж олади. Полиомиелит касаллиги билан оғримаслик учун соғлом турмуш тарзига амал қилиш талаб этилади. Шунингдек, энг самарали усули вақтида касалликка қарши эмланиш ҳам унинг олдини олиш ҳисобланади. Бундан ташқари, сувни қайнатиб ичиш тавсия этилади. Қўллар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг тозалилигига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак.

Аввалроқ Ўзбекистонда полиомелит кузатуви кучайтирилгани ва Тожикистонда хавфли полиомиелит касаллиги тарқалгани ҳақида хабар берилган.