Олий Мажлис Сенати Танзила Норбоева 27 март куни Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» бозори ҳудудида жойлашган мардикор бозорида ишчи фуқаролар билан суҳбатлашди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Танзила Норбоева бошчилигидаги ишчи гуруҳ пойтахтнинг Яшнобод ва Бектемир туманларида бўлиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилган.

Хусусан, Сенат раиси ушбу туманлардаги кунлик ишчилар маркази фаолиятига эътибор қаратган. «Қўйлиқ» бозори ҳудудидаги мардикор бозоридаги ишчилар билан суҳбатлашган. Аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиб, мурожаатларини тинглаган. Шу ернинг ўзида улар назоратга олиниб, тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилган.

Фото: «Bugun.uz»

Аввалроқ Танзила Норбоева аёлларнинг мардикорчилик учун бозор чеккасида сарғайиб туриши хунук ҳолат эканлигини айтиб, бу бўйича кўриладиган ишлар лойиҳасини маълум қилганди. Шунингдек, Сенат раиси ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳозирги кунда энг муҳим вазифалардан эканини таъкидлаган.