Янгиликлар - 15:28 · 27.03.2021

Тошкент–Андижон пулли автомобиль йўлини қуриш учун қанча маблағ сарфланиши маълум бўлди

АОКАда 27 март куни Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги масъул ходими Фаррух Ғаффоров брифингда Тошкент–Андижон пулли автомобиль йўлини қуриш учун қанча маблағ сарфланиши борасида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Тошкент–Андижон пулли автомобиль йўлини қуриш бўйича дастлабки техник-иқтисодий асослар (ДТИА) Жаҳон банки консультантлари томонидан ишлаб чиқилди ва 2020 йилда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган. Лойиҳа бўйича «Инвестициядан олдинги тадқиқот» (Pre-investment study)ни ўтказиш бўйича консультантни аниқлаш ишлари бошланиш арафасида. Бир йилдан кўпроқ муддат давомида ўрганиш ишлари ўтказилгандан сўнг халқаро тендер эълон қилинади.

«Ўрганиш ишлари давомида аҳолидан мазкур лойиҳага ва йўлдан фойдаланиш учун тўловга муносабати сўровнома орқали аниқланади. Лойиҳалар бўйича ҳали қурилиш ишлари бошланмаган. Икки босқичли очиқ ва шаффоф тендер асосида танланган халқаро инвестор билан ДХШ тўғрисидаги битим имзолангандан кейин қурилиш ишлари бошланади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа умумий қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан ошади. 340 километрлик йўл учун умумий қурилиш даври қурилиш кетма-кетлигига кўра 5–10 йилни ташкил этиши мумкин», — деди Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги масъул ходими Фаррух Ғаффоров.

Унинг айтишича, Жаҳон банкининг дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йўлдан фойдаланиш нархлари енгил автомобиль ва енгил юк машиналар учун тахминий нарх 5 ва 7 АҚШ доллари, юк машиналари ва автобуслар учун 15 АҚШ доллари этиб кўрсатилган.

Таъкидланишича, ДШХ тўғрисидаги битим тахминан 40 йил муддатга тузилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа бўйича Президент қарори қабул қилиниши кўзда тутилган бўлиб, мазкур қарорда йўлдан фойдаланувчилар учун нархлар ўзгариши ёки тўловнинг маълум қисми субсидия ҳисобига қопланиши ёхуд йўлнинг бепул бўлиши ва имтиёзга эга бўлган фойдаланувчилар рўйхатини шакллантирилиш масалаларига аниқлик киритилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда автомобиллар учун пулли йўллар нархи қанча бўлиши маълум қилинганди. Хабарга кўра, мазкур йўлларда соатига 120–150 километр тезликда ҳаракатланиб, 2 соат вақт тежаш мумкин бўлади.