22:23 | 28.03.21 89

Ўзбекистонда ЛГБТнинг қонуний бўлишига қарши фаоллар норозилик билдиргани юзасидан изоҳ берилди — видео

Жанжални бошлаган ва фаол иштирокчиси бўлган фуқароларнинг 12 нафари ушланди

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида бир жинсли муносабатларнинг қонунийлаштирилишига қарши бўлган фаоллар норозилик билдиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Кадр: Telegram/@mobilmuxbiruz

Хабарга кўра, 28 март куни тахминан соат 15:00 ларда Юнусобод туманидаги Амир Темур хиёбони олдида 3-4 нафар фуқаролар Т.С. исмли йигит ва Б.Р. исмли қизни ЛГБТ фаоллари деб гумонлаб, уларни уришга ҳаракат қилган. Ушбу фуқароларга 20-25 нафар бошқа шахслар қўшилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, безорилик ҳаракатларини содир этган.

Қайд этилишича, воқеа жойида хизмат қилаётган Тошкент шаҳар ИИББ ва Миллий Гвардия ходимларининг аралашуви билан Т.С. ва Б.Р. ҳимоя қилиниб, уларга тан жароҳати етказилишига йўл қўйилмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ҳамкорликдаги чора-тадбирлари натижасида низонинг оммалашиб кетишининг, шунингдек бошқа оғирроқ оқибатларнинг олди олинди ҳамда ҳеч кимга шикаст етмади.

Маълум қилинишича, жанжални бошлаган ва фаол иштирокчиси бўлган фуқароларнинг 12 нафари ушланди. Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми (Безорилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Аниқланишича, мазкур жанжалда диний мазмундаги низо бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда ака-ука тадбиркорларни дўппослаганларга жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилган.