Қозоғистонда коронавируснинг 2 та — «британча» ва «Жанубий Африка» мутацияланган турлари аниқланди. Бу ҳақда Олмаотадаги Халқаро вакцина маркази раҳбари Кайзар Табинов маълумотларига таяниб, «Tengrinews» хабар берди.

Фото: « Flickr»

Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой 19 март куни Олмаотадаги COVID-19 учун ижобий бўлган намуналарда «британча», «Жанубий Африка» ва «бразилча» штаммларга хос мутация аниқланганини маълум қилган.

«Мутацияланган вирусни тасдиқлаш учун жавоб намуналари КазНАИУ Халқаро вакцинация марказига юборилган. Университетимиз ходимлари, шу жумладан, CНРC ходимлари ва TreeGene генетик лабораториясининг тезкор ишлаши сабаб қисқа вақтда COVID-19 учун ижобий бўлган иккита намунанинг тўлиқ S-генини кетма-кетлаштириш амалга оширилди», — дея хабар берди Табинов.

Тадқиқот натижаларига кўра, битта намунанинг S-генида аминокислота ўрнини босувчи моддалар ва аминокислоталар делецияси мавжуд бўлиб, улар B.1.1.7 «британча» штаммига тўлиқ хосдир. Иккинчи намунанинг S-генида B.1.351 «Жанубий Африка» штамми учун тўлиқ характерли бўлган аминокислоталар ўрнини босувчи моддалар аниқланган.

«Қозоғистонда ‘британча’ ва ‘Жанубий Африка’ мутациясига хос COVID-19 вируслари тарқалди. Маълумки, мутацияланган вируснинг ушбу штамми юқумлилик даражаси ва хавфи билан ажралиб туради», — дея таъкидлаган олим.

Маълумот ўрнида, олимлар ушбу вирусларни ажратиш устида ишламоқда. Вируснинг мавжудлиги олимларга COVID-19’га қарши маҳаллий ва хорижий вакциналар самарадорлигини баҳолашга имкон беради.

Аввалроқ Қозоғистон «AstraZeneca» вакцинасини етказиб бериш бўйича музокараларни тўхтатгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қозоғистон пойтахтида карантин чоралари кучайтирилиши маълум қилинган.