Шарқий экспресс. Сувайш каналидаги тиқин, Исроилда парламент сайловлари, Эрон–Хитой шартномаси
Ҳафта давомида Яқин Шарқда юз берган муҳим воқеалар дайжести билан «Шарқий Экспресс» рукнимизнинг навбатдаги сонида танишишингиз мумкин.
Сувайш каналидаги тиқин
Ўтган ҳафтанинг энг муҳим воқеликларидан бири Қизил денгиздаги Сувайш каналида юз берган кемалар «пробка»си бўлди, десак янглишмаймиз. 23 март куни Ўрта денгиз ҳамда Қизил денгизни боғловчи Сувайш каналида 400 метрли контейнер ташувчи кучли шамол натижасида кўндаланг ҳолатда тиқилиб қолган. Оқибатда каналдан ўтувчи 180 кема тиқилинчда қолиб кетган.

«Euronews» берган маълумотларга кўра, кемани бўшатиш ишлари бир неча ҳафта вақт олиши мумкин. Каналнинг юк ташишдаги аҳамияти жуда катта. Ҳар кунги айланма 8 миллиард долларни ёки дунё савдосининг 10 фоизини ташкил қиладиган сумма канал орқали айланади.
Ҳозирда транспорт фирмалари ўз мижозларига бошқа йўлларни излашни таклиф қилмоқда. Ўз навбатида, Москва ҳам иқлим ўзгаришлари туфайли анча яхшиланиб қолган шимолий йўлни таклиф қилмоқда. Япония ҳукумати эса юзага келган ноқулайлик учун жамоатчиликдан кечирим сўраган ҳамда муаммони тез фурсатларда бартараф этишга ваъда берган.
«90 Percent of Everything» асари муаллифи Роза Жорж денгиз орқали юк ташишнинг аҳамияти ҳақида айта туриб, дунё бўйича 90 фоиз юклар айнан денгиз орқали ташилишини таъкидлайди. «Буюк Британийда эса, — қўшимча қилади у — 95 фоиз юклар денгиз орқали келади».
Исроилда парламент сайловлари
23 март куни Исроилда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Эълон қилинган дастлабки натижаларга кўра, амалдаги бош вазир Бенямин Нетаняҳунинг Ликуд партияси етакчилик қилмоқда. Аммо Нетаняҳунинг бош вазирлик мансабида қолиши сўроқ остида.

Лекин, шунга қарамай, Франциянинг машҳур «Le Monde» нашрининг ёзишича, Нетаняҳу бош вазирлик бўйича мамлакатда рекорд натижани қайд этиб бўлган. Унинг Исроил ҳукумати тепасида ўтказган вақти 5490 кунни ташкил қилади. Бу натижа билан у мамлакатнинг машҳур етакчиларидан бўлмиш Давид Бен Гурионни ҳам ортда қолдирган. Нетаняҳу Исроил бош вазири сифатида 2009 йилдан буён ишлаб келмоқда. Бундан аввал 1996–1999 йиллар давомида ҳам бош вазир лавозимида ишлаган.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ҳозирги сайловлар мамлакатда сўнгги икки йилда ўтказилган тўртинчи сайловлардир. Бунга сабаб эса Нетаняҳунинг турли иқтисодий жиноятларда айбланиши ва бунинг ортидан истеъфосининг талаб қилиниши бўлган. Қаттиқ норозиликларга қарамай, аввалги сайловларда ҳокимиятда қолиш учун у рақиблари билан коалиция тузишга мажбур бўлган эди.
«Le Figaro» нашрининг ёзишича, бу сафар ҳам Нетаняҳу ҳокимиятда қолишни истаса, ўзига шериклар излаши керак бўлади. Ҳатто мамлакатдаги мусулмон партиялар билан ҳам ҳамкорлик қилишга мажбур бўлади.
Исроилда янги ҳукумат яқин ҳафталар ичида тузилиши керак, аммо Бенямин Нетаняҳу бош вазирлик лавозимида қоладими, йўқми бир нарса дейишга ҳали эрта.
Теҳрон ва Пекин янги ипак йўлида ҳамкорлик қилмоқчи
Бир неча йиллик муҳокамалардан сўнг 2021 йил 27 март куни Эрон ва Хитой ўзаро ҳамкорлик бўйича 25 йилга мўлажалланган глобал шартномани имзолади. Бу ҳақда Франциянинг «FRI» (Radio France International) радиоси хабар берди.

Эрон Хитой томонидан 2013 йилда илгари сурилган янги ипак йўли дастурида энг муҳим нуқталардан бири ҳисобланади. Хитой ташқи ишлар вазири Ванг Йи Яқин Шарқ бўйлаб амалга ошираётган сафари давомида жума куни кечқурун Эронга етиб келган. У минтақага сафарини Саудия Арабистони ҳамда Туркияга бориш билан бошлаган.
Шартнома Эрон ташқи ишлар вазирлигида икки давлат дипломатия раҳбарлари ўртасида имзоланган. Унда бир неча соҳалар, жумладан, транспорт, энергетика, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.
Радионинг қўшимча қилишича, мазкур шартнома икки давлат учун ҳам АҚШ санкцияларига қарши туриш учун муҳим пишанг бўлиб хизмат қилиши мумкин. Эрон 2018 йилдан буён АҚШ томонидан киритилган иқтисодий санкциялар остида яшамоқда. Кўпчилик умид қилганидек, Байден маъмурияти санкцияларни бекор қилишга унча ҳам шошилаётгани йўқ. Бу эса Эронни Шарққа, Осиёга қараб юзланишга мажбур қилмоқда.