12:06 | 29.03.21 233

Тошкентда ярим тунда калтакланган Миразиз Бозоров иши бўйича маълумот берилди

Унда бош мия очиқ ва ёпиқ жароҳатлари, ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати қайд этилган

Тошкент шаҳар Миробод туманида 28 март куни фуқаро Миразиз Бозоров номаълум шахслар томонидан калтакланди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тимур Карпов / «Фергана»

Маълум қилинишича, соат 22:45 да Афросиёб кўчаси 21-уй олдида 3 нафар номаълум шахс 1991 йилда туғилган Бозоров Миразиз Мирзажон ўғлини уриб, тан жароҳатлари етказган ва воқеа жойидан номаълум тарафга яширинган. Олган тан жароҳатлари билан Миразиз Бозоров шифохонага ётқизилган.

Фото: Тимур Карпов / «Фергана»

Тиббиёт муассасасидан олинган маълумотга кўра, ушбу фуқарода бош мия очиқ ва ёпиқ жароҳатлари, ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати, кўкрак қафаси ва қорин соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг оёқ болдир суяги очиқ синиши жароҳатлари қайд этилган.

Фото: Тимур Карпов / «Фергана»

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани Ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» банди («Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Миразиз Бозоровга нисбатан тан жароҳатлари етказган номаълум шахсларни аниқлаш мақсадида тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда ЛГБТнинг қонуний бўлишига қарши фаоллар норозилик билдиргани юзасидан изоҳ берилганди. Шунингдек, Наманганда ака-ука тадбиркорларни дўппослаганларга жиноий иш қўзғатилгани хабар қилинган.