«У бузғунчи ташқи кучлар кўмаги остида ҳаракат қилмоқда». ИИВ Миразиз Бозоров ҳақида қўшимча маълумот берди
У Ўзбекистонда ЛГБТнинг қонуний бўлишига қарши фаолларнинг норозилик намойишига сабабчи бўлган
Тошкент шаҳар Миробод туманида 28 март куни фуқаро Миразиз Бозоров номаълум шахслар томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилган эди. Ички ишлар вазирлиги у ҳақда қўшимча маълумот берди.

Вазирлик хабарига кўра, Миразиз Бозоров бундан аввал ҳам бир неча бор жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, ўзбек миллатига хос бўлмаган хурмача қилиқлари акс этган видео лавҳаларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, ўзининг бузуқ хулқ-атворини оммага намойиш қилиб келган.
«Охирги кунларда Миразиз Бозоров исмли фуқаро ўзининг ижтимоий тармоқларида Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом масжиди олдида ва Амир Темур хиёбонида ноанъанавий жинсий қарашларга эга шахслар томонидан оммавий намойишлар ўтказиш бўйича чақириқ билан чиққан. Таъкидлаш керакки, Бозоров бундан аввал ҳам бир неча бор жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, миллатимизга хос бўлмаган хурмача қилиқлари акс этган видео лавҳаларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, ўзининг бузуқ хулқ-атворини оммага намойиш қилиб келган», — дейилади хабарда.
Ички ишлар вазирлиги 28 март куни Тошкентда содир бўлган оммавий жанжал юзасидан ҳам маълумот берган:
«28 март куни унинг номақбул чақириқларини ўзларига нисбатан ҳақорат деб ҳисоблаган бир гуруҳ фуқароларимиз бу ҳолат юзасидан ўз фикр ва қарашларини билдириш мақсадида Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонига тўпланди. Бунинг оқибатида мазкур шахслар томонидан оммавий тартибсизлик содир этилиб, жамоат хавфсизлигига путур етказилган. Ўз навбатида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мазкур тартибсизлик бартараф этилиб, ҳуқуқбузарлик келтириб чиқарган шахслар қўлга олинган».
Мазкур оммавий жанжалда фаол иштирок этган 12 нафар фуқаро қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Улар ИИВга интервью бериб, бундай фитналарга учиш керак эмаслигини таъкидлаган.
Бундан ташқари, вазирлик Миразиз Бозоров илгари ҳам ўзига нисбатан ижтимоий тармоқларда билдирилган эътирозларга жавобан, ўзини жабрдийда қилиб кўрсатиб, Ўзбекистон ноанъанавий қарашларга эга шахсларга нисбатан гўёки босим ўтказилаётганига хорижий давлатларнинг вакиллари ва халқаро ташкилотларнинг эътиборини қаратишга уриниб келганини таъкидлаган.
«Таъкидлаш лозимки, Бозоров илгари ҳам ўзига нисбатан ижтимоий тармоқларда билдирилган эътирозларга жавобан, ўзини жабрдийда қилиб кўрсатиб, Ўзбекистон ноанъанавий қарашларга эга шахсларга нисбатан гўёки босим ўтказилаётганилигига хорижий давлатларнинг вакиллари ва халқаро ташкилотларнинг эътиборини қаратишга уриниб келган. Бузғунчи ташқи кучлар ва ғараз ниятдаги турли халқаро ноҳукумат ташкилотлар кўмаги ва қўллови остида ҳаракат қилаётган ушбу шахс бесоқолбозлик ва шу каби салбий иллатларнинг Ўзбекистон қонунчилигида таъқиқланган бўлишига қарамасдан, уни оммавий тарғиб қилишга ҳаракат қилган ва фуқароларда норозилик, тоқатсизлик кайфияти шаклланишига сабаб бўлган», — дейилади вазирлик хабарида.
Аввалроқ Ўзбекистонда ЛГБТнинг қонуний бўлишига қарши фаоллар норозилик билдиргани юзасидан изоҳ берилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳар Миробод туманида 28 март куни фуқаро Миразиз Бозоров номаълум шахслар томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилган.