Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти SARS-CоV-2 коронавируси кўршапалаклардан одамга бошқа ҳайвон орқали юққан пайтда пайдо бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг якуний хулосалари баён этилган ҳужжатнинг қоралама нусхасига асосланиб, «Associated Press» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, агентлик ЖССТга аъзо давлатлардан бирининг Женевада ишлайдиган дипломатидан 29 март куни ҳужжатнинг сўнгги кўринишини олган. Унда ташкилот мутахассислари коронавируснинг лабораториядан келиб чиққани ҳақидаги қарашни ўта ишончсиз деб таъкидлаган. Аммо унга яна ўзгаришлар киритилиш ёки киритилмаслиги очиқланмаган.

Ҳужжатга кўра, тадқиқотчилар коронавирус пайдо бўлиши билан боғлиқ 4 та тахминни эҳтимоллик кўрсаткичи бўйича рўйхатлаган. Уларнинг орасида коронавируснинг кўршапалаклардан одамга бошқа ҳайвон орқали юққан пайтида пайдо бўлганлигига асосий эътибор қаратилган. Вируснинг кўршапалаклардан одамларга тўғридан-тўғри узатилиши нисбатан паст даражада баҳоланган бўлса, озиқ-овқат ҳамда лабораториядан тарқалиш тахмини эҳтимолдан йироқ қараш сифатида қайд этилган.

CОVID-19’ни келтириб чиқарадиган вируснинг энг яқин қариндоши кўршапалаклардан топилган. Аммо, ҳисоботда айтилишича, кўршапалакларда аниқланган вируслар ва SARS-CоV-2 ўртасидаги эволюцион масофа бир неча ўн йилликларга тенг бўлиб, бу, ўз навбатида, вируснинг улардан тарқалмаганини кўрсатади.

Агентликнинг алоҳида қайд этишича, тадқиқот натижалари кутилганидек бўлиб чиққан ва кўплаб саволларни жавобсиз қолдирган. Мутахассислар гуруҳи «лабораториядан келиб чиқиш» ҳақидаги гипотезадан ташқари барча тахминлар борасида қўшимча тадқиқотлар ўтказишни таклиф қилган.

Аввалроқ ЖССТ коронавируснинг келиб чиқиши ҳақидаги тахминлардан бирини рад этгани маълум қилинган.