Apple ўзининг мустақил хизмат кўрсатиш марказлари дастурини (IRP) 200 дан ортиқ мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам ишга туширади. Бу ҳақда компания веб-сайтида хабар берилди.

Фото: «Shutterstock»

Маълум қилинишича, дастур босқичма-босқич кенгайтирилади — Ўзбекистон эса иккинчи босқичда қамраб олинади. Мамлакатдаги хизмат кўрсатиш марказлари 2021 йилнинг охирида IRP сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза бериши мумкин бўлади. Аммо IRP’га қўшилиш учун хизмат кўрсатиш маркази Apple томонидан сертификатланган қурилмаларни таъмирлаш бўйича мутахассисга эга бўлиши талаб этилади.

Дастур шартлари ошкор қилинмаган. Бироқ «Vitse» нашри маълумотларига кўра, иштирокчилар Apple томонидан кутилмаганда ўтказиладиган барча текширувларга рози бўлиши керак. Агар текшириш пайтида марказда асл бўлмаган қисмлар топилса, Apple жарима солиши мумкин.

Маълумот ўрнида, мустақил хизмат кўрсатиш марказлари дастури 2019 йилда Қўшма Штатларда бошланган ва ҳозирда АҚШ, Канада ҳамда Европанинг 1500 та таъмирлаш марказлари томонидан фойдаланилаётган бўлиб, компания дастурни маҳсулотлари сотиладиган деярли барча мамлакатларга олиб киришни режалаштирган.

IRP’га мувофиқ, компаниялар Apple’нинг ваколатли хизмат кўрсатиш марказлари билан тенг ҳолда  оригинал қисмларни улар билан бир хил нархда олади. Шунингдек, компания асбоб-ускуналар, қўлланмалар, диагностика ва бепул тренинглар билан таъминлайди.

Аввалроқ Apple тўрт йил ичида илк марта смартфон сотиш бўйича етакчи бўлгани маълум қилинган. Шунингдек, компания раҳбари бир йилда қарийб 300 млн доллар ишлагани ҳақида хабар берилганди.