Янгиликлар - 13:02 · 31.03.2021

АОКА Ўзбекистонда ЛГБТ ғояларини тарғиб қилаётган Миразиз Бозоров иши юзасидан муносабат билдирди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги 31 март куни Ўзбекистонда ЛГБТ ғояларини тарғиб қилаётган Миразиз Бозоров иши юзасидан муносабат билдирди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизмати

АОКА хабарига кўра, агентлик мазкур ҳолатларни аввалдан тартибга солиш мақсадида Facebook ва Теlegram ахборот ресурсларида 200 дан зиёд ўлдириш, зўравонлик ишлатиш таҳдидлари ёзилган постлар ҳамда изоҳлар мавжуд бўлган 54 та веб-сайтлар, веб-саҳифалар маъмурлари, блогерларга ЛГБТ ва бошқа шу каби номақбул оқимлар фаолиятини билиб-билмасдан тарғиб қилиш, ноқонуний кўча юришларига чорлашни тўхтатиш бўйича расмий хабарномалар юборди.

Бундан ташқари, Миразиз Бозоровнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқий баҳо берувчи Ахборот ва коммуникациялар соҳасидаги эксперт комиссиясининг алоҳида хулосаси тайёрланди. Шунингдек, жамият ҳамда интернет фаоллари, айрим блогер ва журналистларнинг ҳолат юзасидан ўз позициялари билдирилган хулосалари шакллантирилмоқда.

Мазкур хулосалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонунчиликка зид ҳолатларни бартараф этиш юзасидан чоралар қўллашда фойдаланиш учун юборилади. «Агентлик барча блогерлар ва ижтимоий тармоқлар фаолларидан жамият орасида адоват қўзғатувчи, турли хил нопок ғояларни илгари сурадиган материал ва постларни тарқатишдан тийилишни сўрайди», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда ЛГБТнинг қонуний бўлишига қарши фаоллар норозилик билдиргани юзасидан изоҳ берилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳар Миробод туманида 28 март куни фуқаро Миразиз Бозоров номаълум шахслар томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилган.

Bugun — LIVE