Тошкентда 31 март куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида хориждаги бошпанасиз ўзбекистонликларга турар жой хизмати орқали ёрдам бериш йўлга қўйилиши ҳақида айтиб ўтилди. Бу ҳақда тадбирда қатнашган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ахборот хизмати

Тадбирда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ходими хорижда туриб бошпанасиз қолган Ўзбекистон фуқароларига 300 долларгача бўлган турар жой (ҳостеллер) хизмати орқали ёрдам бериш йўлга қўйилишини маълум қилди.

Шу билан бир қаторда, қийин аҳволдаги мигрантларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробаридан ошмаган ҳолда ёрдам пули етказилиши ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Ходим мазкур ёрдам олиш тизими олдин бирмунча қийинроқ бўлганини (консулликка ёзиш орқали ҳал қилинган) айтиб, хозирда ёрдам олиш учун махсус электрон дастурдан фойдаланиш йўлга қўйилганини қайд этди.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ахборот хизмати

«Хориждаги фуқаро оғир вазиятда бўлса, ‘labor-migration’ дастурий мажмуаси таркибидаги платформа — ‘birgamiz.com’га онлайн сўров юборади. Сўров кўриб чиқилгач, мигрант карточкасига белгиланган суммадаги пул тушириб берилади», — деди мутасадди.

Маълумот учун «labor-migration» дастури Давлат персоналлаштириш маркази, Давлат солиқ қўмитаси, Транспорт вазирлиги, Халқ банки, «Ўзагросуғурта»ларининг электрон тизимлари ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»билан интеграция қилинган.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ахборот хизмати

Шунингдек, тадбирда хориждаги миграция жараёнлари бўйича онлайн маслаҳатлар олиш «consalting.labormigration.uz» веб-порталлари бугунги кунда фаолият юритаётгани ҳам айтиб ўтилди.

Мавзуга доир: Россияда йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижлик ҳайдовчилар жарима тўламагунча мамлакатдан чиқарилмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда мартдан бошлаб ўзбек тилидаги 12 та телеканал ўз фаолиятини бошлаши ҳақида хабар берилган.