Исроилда коронавируснинг янги штамми аниқланди
Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавируснинг маҳаллий тури аниқланганини эълон қилди. Бу ҳақда вазирлик маълумотига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Маълум қилинишича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Марказий вирус лабораторияси 2021 йилнинг январигача Исроилда мавжуд бўлган штаммларни сарҳисоб қилган тадқиқот натижаларини тақдим этган.
Натижалар орасида коронавируснинг маҳаллий штамми аниқлангани борасидаги маълумотлар ҳам бўлган. Таъкидланишича, аниқланган штамм инфекция тарқалишига таъсир кўрсатмайди, оғир беморлар сонининг кўпайишига олиб келмайди ва эмлаш самарадорлигини ўзгартирмайди.
Маълумот ўрнида, Исроилда аниқланган ушбу штамм илк маротаба июль ойида пайдо бўлган ва ҳозирда тобора кучсизланиб бормоқда.
Аввалроқ Исроил коронавирус устидан ғалаба қозонганини эълон қилган. Шунингдек, мамлакат 16 мартдан бошлаб барча мамлакатлар билан парвозларни тиклаши ҳақида хабар берилганди.