Навоийдаги боғчада тарбиячи болаларни калтаклагани айтилган хабарга муносабат билдирилди — видео
Навоийда Мактабгача таълим ташкилоти ходими тарбияланувчиларни қўли билан ураётганлиги акс этган видео лавҳалар тарқалди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан баёнот берди.

Хабарга кўра, ҳолат Кармана туманидаги 2-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига тегишли бўлиб, 2021 йилнинг 16 март куни мазкур Мактабгача таълим ташкилотининг «Бойчечак» гуруҳи тарбиячиси Бўронова Мухайё Ҳакимовна томонидан педагогик этикага риоя қилмаган ҳолда айрим тарбияланувчиларга нисбатан шундай ҳатти-ҳаракатлар содир этилган.
Аниқланишича, ушбу ҳолат 18 март куни Кармана туман мактабгача таълим бўлими мудири Н.Халилова томонидан жойига борган ҳолда боғча директори, айрим ота-оналар ва бошқа масъуллар иштирокида боғчадаги мавжуд кузатув камераси хотирасини кўздан кечириш орқали атрофлича ўрганиб чиқилиб, муҳокама қилинган. Ўрганиш якунларига кўра, тарбиячи М.Ҳ.Бўронова томонидан вояга етмаган тарбияланувчиларга нисбатан содир этилган ушбу ҳатти-ҳаракатга қонуний баҳо бериш ва тегишли қарор қабул қилиш учун 19 март куни 2-сонли давлат МТТ директори томонидан 01-06-сонли хат Кармана туман Ички ишлар бошқармасига юборилган.
Маълум бўлишича, бугунги кунда Кармана туман ИИБ томонидан мазкур ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилиб, тарбиячи М.Ҳ.Бўроновага нисбатан тўпланган ҳужжатлар тегишли судга юборилган ва ҳозирда суд томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Шу билан бирга, М.Ҳ.Бўронова билан тузилган меҳнат шартномаси тегишли тартибда бекор қилинган. Бундан ташқари, ўзининг функционал вазифаларини тўлиқ бажармагани ва ташкилотда ишловчи ишчи-ходимларни фаолияти устидан ваколати доирасидаги назоратни сусайтириб юборгани учун ушбу 2-сонли давлат МТТ директори Г.Шароповага нисбатан Иш берувчининг ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти Асака туманидаги 49-мактабда ўқитувчи фарзандини катлаклагани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Андижондаги мактабда фарзандини калтаклаган ўқитувчи ишдан олинмагани маълум қилинган.