Шавкат Мирзиёев 30 март куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram каналида хабар берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қонун билан, Жиноят кодексига қўшимчалар киритилди. Унга кўра, Президентни телекоммуникация тармоқлари ёки интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Илгари Президентни омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, мазкур жиноятни матбуот ёки бошқа ОАВдан фойдаланган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик мавжуд эди.

Шунингдек, кодексга оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун ҳам жавобгарлик киритилди. Унга кўра, мазкур қилмишни содир этган шахслар БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қайд этилишича, ўша ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки ОАВ, телекоммуникациялар тармоқлари, интернетдан, шунингдек, матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда қонун ҳужжатларини бузишга омма олдида даъват қилганлик учун жавобгарлик белгилангани ҳақида хабар берилган.