Хитойнинг Ухан шаҳрида 2021 йилнинг январь–февраль ойларида тадқиқот ўтказган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари коронавируснинг келиб чиқиши борасида аниқ хулосага кела олмади. Бу ҳақда Женевада 30 март куни эълон қилинган якуний ҳисоботга асосланиб, «ТАСС»  хабар берди.

Фото: «AFP»

Маълум қилинишича, коронавируснинг одамга табиий манбадан ёки потенциал оралиқ ташувчидан юққани борасида аниқ маълумот берилмаган. Шу билан бирга, хасталикни юқтириб олишнинг бир қатор потенциал йўлларига ишора қилувчи далиллар мавжудлиги қайд этилган.

Ўз навбатида, коронавируснинг оралиқ ташувчиси сифатида қоракўзан, қуён, уй мушуги ҳамда бошқа ҳайвонлар келтирилган. Ухандаги «Хуананm» бозорининг SARS-CоV-2 тарқалишига асосий сабабчи бўлган ёки бўлмаганига ҳам аниқлик киритилмаган. Чунки касалликнинг дастлабки ҳолатлари бошқа бозорларда, баъзилари эса ҳатто улардан ташқарида ҳам қайд этилган. Мутахассислар, шунингдек, одамлар айнан қачондан SARS-CоV-2 билан касаллана бошлаганини аниқлай олмаган.

«Инфекциянинг авж олиши 2019 йил декабрь ойининг ўрталаридан олдин бошланган бўлиши мумкин», — деган тахминни илгари сурган тадқиқот муаллифлари. Қайд этилишича, олимлар коронавируснинг янги турини юқтириб олиш ҳолати баъзи мамлакатларда Уханга қараганда анча олдин аниқланганига ҳам эътибор қаратган.

«SARS-CоV-2’нинг келиб чиқиши қаердан бошланганини аниқлаш — ҳамон долзарб масала. Вирус биринчи бўлиб Ухан шаҳрида ўткир пневмония тарқалишининг сабаби сифатида аниқланган бўлса-да, илк ҳолатларнинг қаерда қайд этилгани ҳали ҳам ноаниқ», дейилган ҳисоботда.

Аввалроқ ЖССТ коронавируснинг одамга юқиши билан боғлиқ 4 тахминни эълон қилганди.