ИИВ Миразиз Бозоровнинг чиқишларига муносабат билдирган хорижлик журналист иши бўйича маълумот берди
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати 1 апрель куни Ўзбекистонда ЛГБТ ғояларини тарғиб қилаётган Миразиз Бозоровнинг чиқишларига муносабат билдириб келаётган хорижлик журналист Агниеска Пикуличка иши бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, журналист 29 мартдан бошлаб Бозоров атрофида бўлаётган воқеаларга нохолис ёндашиб, Twitter’даги саҳифасида аслида рўй бермаётган воқеаларни ёритиб келмоқда.
«Эслатиб ўтамизки, охирги кунларда ижтимоий тармоқларнинг фаоллари ва журналистлар томонидан Тошкент шаҳрининг Амир Темур хиёбонида содир этилган тартибсизликлар, фуқаро Миразиз Бозоровнинг иғволи чиқишлари ҳамда унга нисбатан номаълум шахслар томонидан етказилган тан жароҳатлари оқибатида жиноят иши очилганлиги кенг муҳокамаларга сабаб бўляпти.
Ушбу ‘кўпкари’га юртимизда фаолият олиб бораётган хорижий вакиллар ва журналистлар ҳам қўшилган. Биз эътиборни 2021 йилнинг февраль ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтиб, Ўзбекистонда фаолият юритаётган ‘Al Jazeeraʼ халқаро ОАВсининг мухбири Агниеска Пикуличкага қаратмоқчимиз.
Масалан, ‘менинг йигитимни махсус хизматлар сўроқ қилишяпти, (у журналист эмас, фаол эмас, фақат кеча мен билан болнитсада бўлган). Бу — нотўғри йўл. Ҳурматли махсус хизматлар, сизлар одамларга ўлдириш билан таҳдид қилаётган, радикаллар билан ишни ҳал этинг’.
‘Махсус хизматлар гейларни фаол қидиришмоқда. Одамларни расмларини кўрсатиб, уларни гейликда гумонлашяпти. Одамларга ЛБГТ жамоаси ҳақида маълумот тарқатишлик ҳақида босим ўтказишяпти. Эртага бошқалар ҳам сўроқ қилинади. Бу — янги Ўзбекистонʼ.
‘Мен биламан, махсус хизматлар менинг дўстларимдан гейлар ҳақида сўрашяпти. Мен хорижлик бўлганим учун мени сўроққа чақиришмади. Ишонинг, бу ялмоғизларга ов!ʼ
‘Мен, унинг (М.Бозоровнинг) провокациялари ҳақида биламан. Лекин бу унинг оёғини синдиришга баҳона эмас. Унинг гапига биз шубҳа билан қараймиз. Энди барча уни болницада хабар олган одамларни ЛБГТ жамоага алоқадорлиги савол туғилмоқда. Менинг йигитим синиб қайтиб келдиʼ.
‘Менинг бир дўстим ҳозир ДХХда, 4 ёки 5 соатдан бери. Бошқасини эртага чақиртиришяптиʼ
Ниқобланган ҳолдаги шахсий адовати ёки ҳиссиётини баён этаётган мазкур журналист маълумотларни гўёки Ўзбекистонда рўй бераётган ‘салбий ахборотʼ сифатида бир қатор хорижий интернет нашрларига тарқатган.
Ваҳоланки, ушбу маълумотлар ҳақиқатга мутлақо мос келмайди ҳамда мамлакатимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини обрўсизлантиришга қаратилганлигининг яққол мисоли.
Мухбир Агниеска Пикуличка ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши мажбуриятини унутиб, ахборотни бузиб талқин этиб ва сохталаштириб тарқатган. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилган.
Ўзининг ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикасининг ‘Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида’ги қонуни 6-моддаси, ‘Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида’ги қонуни 7-моддаси ҳамда ‘Oммавий ахборот воситалари тўғрисида’ги қонуни 6-моддаси талабларини бузган.
Ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатиб, фуқароларимизнинг онгини чалғитиш, давлат органлари фаолиятига нисбатан ишончсизлик уйғотиш ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларига нохолис маълумотлар етказиб, юртимиз ҳақида салбий фикр шаклланишига сабабчи бўлишдан бу аёлга нима наф?
Бу масалага биз яна қайтамиз».
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ЛГБТнинг қонуний бўлишига қарши фаоллар норозилик билдиргани юзасидан изоҳ берилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳар Миробод туманида 28 март куни фуқаро Миразиз Бозоров номаълум шахслар томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилган.