Самарқандда университет декани ўринбосари 500 доллар пора билан қўлга тушди — фото
У талабани якуний имтиҳонга киритиш учун пул олган
Самарқанд шаҳрида 30 март, сешанба куни Самарқанд давлат университети Санъатшунослик факультети декани ўринбосари талабадан 500 доллар пора олаётган пайтида ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, соат 16:00 да Самарқанд шаҳар Педагогика коллежи биносининг кириш қисмида ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд давлат университети Санъатшунослик факультети декани ўринбосари лавозимида ишловчи 35 ёшли Ш.П. ўзининг хизмат вазифасидан фойдаланган. Аниқланишича, ушбу факультетнинг 1-босқич талабаси Ш.И.ни психология фанидан оралиқ назорати имтиҳонини ижобий ҳал қилиши ва уни якуний имтиҳонга киритиши эвазига 500 АҚШ доллар беришини сўраган.

Шундан сўнг у тадбир иштирокчиси Б.Б.дан талаб қилинган пулни олган вақтида ушланган. Шунингдек, тезкор тадбир давомида Ш.П.дан 500 АҚШ доллар пул маблағи ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ш.П.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Сирдарёда солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи 1000 доллар пора олаётганида қўлга тушгани ва Қўқон давлат педагогика институти декани 3 минг доллар пора сўрагани учун суд қилингани хабар берилган эди.