Самарқандда ёмғир ёққанида иккига бўлиниб кетган кўприк юзасидан изоҳ берилди
Самарқанд вилояти Пахтачи туманида икки кун узлуксиз ёққан ёмғир оқибатида узунлиги 8,6 метрли кўприк иккига бўлиниб кетгани ҳабар қилинган эди. Ҳолат юзасидан ҳоимлик томонидан расмий изоҳ берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум қилинишича, туманнинг Миркан ва Дарға маҳаллалари орасидаги кўприк ёмғир ёққанида сув тошқини туфайли бўлиниб кетган. Аниқланишича, жала ёғиши натижасида тумандаги Кештали, Зарафшон, Фай, Гулистон ва Дўнг маҳалларининг ички йўлларига оқова сувлар тўпланиб қолган. Оқибатда кучли сув оқими Болтали–Боғолони–Зиёвуддин автомобиль йўлининг 14-километридаги зовур устидан ўтувчи кўприк қирғоқларини емириб, айнан ушбу кўприкни чўктириб юборган. Қайд этилишича, мактаб ўқувчилари пиёдалар, транспортлар мунтазам қатнайдиган Миркан кўприги 2020 йилнинг ноябрида эмас, 1971 йилда фойдаланишга топширилган.

Пахтачи туман ҳокими бошчилигидаги бир гуруҳ мутасаддилар ҳодиса жойига етиб бориб, ҳолатни ўрганган. Шунингдек, аҳоли эҳтиёжига кўра вақтинчалик зовур бўйлаб пиёда ва автомобиллар йўлагини тайёрлаш ишлари йўлга қўйилган. Бундан ташқари, ишни тезлаштириш мақсадида туман «Йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси ва Ободонлаштириш бошқармаси жалб этилган. Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълумотига қўра, ҳолат содир бўлган куни мактаб ўқувчилари бир кун дарсга бормаслиги тавсия берилган.
Пахтачи туман ҳокими Музаффар Ҳамдамов 50 йиллик ушбу кўприкни қайтадан кенгайтириб қуришни таъкидлалаган.
«Биринчи галда мактаб ўқувчиларининг ўқув машғулотларига хавфсиз қатновини тиклашимиз керак эди. Бундан ташқари, транспортлар учун ҳам нимадир қилмасак бўлмасди. 50 йиллик эски кўприкни кенгайтириб, қайтадан қуришимизга тўғри келади ва бунга кучимиз ҳам етади. Аммо озгина вақт керак», – дейди у.
Қайд этилишича, ҳозирда Болтали–Боғолони–Зиёвуддин йўналиши бўйлаб транспортлар қатнови тўлиқ йўлга қўйилган. Шунингдек, янги кўприкни қуриш бўйича лойиҳалар ўрганилиши бошлаб юборилган.
Аввалроқ Сирдарёда кучли шамол оқибатида банк биноси ва уйларнинг томи қулаб тушгани ва Хоразмда кучли шамол оқибатида суд биносининг томи қулагани хабар қилинган эди.