Янгиликлар - 13:03 · 01.04.2021

Тошкентда «Ёшлар дафтари»га киритилганларнинг ўқув курси пуллари тўлаб берилади

Тошкент шаҳрида 31 март куни ҳоким, вазир ва ёшлар учрашувида шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Ёшлар дафтари»га киритилган касб-ҳунарга қизиқувчи ёшларнинг ўқув курси пуллари тўлаб берилиши ҳақида айтиб ўтди. Бу ҳақда очиқ мулоқотда қатнашган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати

Эшитувда «Ёшлар дафтари»га киритилган учтепалик қиз шу вақтгача пакет цехида ишлаб келганини, касб ўрганишни исташини билдирди. Шунингдек, у компьютер технологиялари соҳасини эгаллаши учун ўқув курсига қурби етмаслигини айтиб, ҳокимга ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати

Ҳоким унга касб-ҳунар ўқув курси пуллари тўлаб берилишини маълум қилди. Жаҳонгир Ортиқхўжаев бандлик агентлиги мутасаддисига юзланиб, касб-ҳунарга қизиққан ёшларнинг ўқув таъминоти қоплаб берилишини айтди.

Мутасадди бандлик агентлиги бўлими марказида «Ёшлар дафтари»га киритилганлар учун бепул компьютер технологиялари бўйича дарслар йўлга қўйилгани ҳақида хабар берди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати/Бандлик агентлиги ходимаси

«Бандлик агентлиги қошида компьютер ўқув курси ташкил қилинган. Курс учун маблағ Тошкент шаҳар суди томонидан ажратилган бўлиб, сиз ушбу субсидиядан тўла фойдаланишга ҳақлисиз», — деди бандлик агентлиги ходимаси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги мактабларда ишлаш учун АҚШдан 26 нафар ўқитувчи келгани ҳақида хабар берилган эди.