Доғистонда Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳияти тақдимоти ўтказилди — фото
Шунингдек, икки мамлакат туроператорлари ўртасида B2B учрашувлари бўлиб ўтди
Доғистонда Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳияти тақдимоти ҳамда икки мамлакат туроператорлари ўртасида B2B учрашувлар ўтказилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га маълум қилди.

Маълум қилинишича, бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов топшириғи билан Доғистонда «Имомлар юртига саёҳат» йўналишидаги тарғибот ишлари бошланган. Қайд этилишича, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Халқаро Ислом академияси, Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси вакилларидан иборат делегация Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳамда Ростов-Дондаги Бош консуллиги кўмагида Доғистоннинг Махачқалъа шаҳрига ташриф буюрган.
Дастлаб делегация вакиллари ҳамда Доғистоннинг миллий сиёсат ва дин ишлари бўйича вазири Энрик Муслимов ўртасида учрашув ўтказилган. Унда вазир Ўзбекистон–Доғистон ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлаб ўтган.

Шунингдек, учрашувда Доғистон муфтийсининг биринчи ўринбосари Аҳмад Ҳожи Кахаев ҳам иштирок этиб, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий каби дин уламоларининг ислом оламидаги ўрнини алоҳида эътироф этган. Шу билан бирга, у ушбу учрашувлар доирасида томонлар ўртасида зиёрат туризми ривожлантирилишидан мамнун эканини таъкидлаган.
Бундан ташқари, делегация ташрифи доирасида муфтиятда Доғистон муфтийси, Мусулмонлар марказий маънавий бошқаруви раиси Шайх Аҳмад Ҳожи Абдуллаев билан учрашув бўлиб ўтган. Муфтий зиёрат туризмини ривожлантириш орқали икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний билимлар бўйича таълим туризмини ҳам ривожлантириш зарурлигини айтган. Доғистон томони делегация таркибидан ўрин олган ўзбекистонлик хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳни доғистонлик педагоглар учун малака ошириш курслари, талабалар учун эса хаттотлик бўйича маҳорат дарсларини ўтишга таклиф қилган.

Қолаверса, учрашувда Махачқалъа шаҳридаги «Тарихий парк»да Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳияти тақдимоти ҳамда хаттотлик бўйича маҳорат дарси ўтказилган. Унда хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ томонидан маҳорат дарси ташкиллаштирилган.


Ўзбекистон ва Доғистон туроператорлари ўртасида ўтказилган B2B форматидаги учрашувларда доғистонлик 30 га яқин туроператор келиб, ўзбекистонлик туроператорлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлади.
Мавзуга доир:
Аввалроқ туркиялик инфлюенсерлар зиёрат туризми бўйича Ўзбекистонга келгани ва Ўзбекистонда «Имом Бухорий» зиёрат туризми йўлдош телеканали ташкил этилиши хабар қилинган эди.