ЖССТ раҳбари коронавирусга қарши эмлашни бошлаган давлатларга мурожаат қилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус дунё раҳбарларини зудлик билан эмлашни бошламаган мамлакатларга 10 миллион доза коронавирус вакцинасини ажратишга чақирди. Бу ҳақда ташкилот веб-сайтида хабар берилди.

Маълум бўлишича, бош директорнинг ўтган ҳафтадаги мурожаати ҳанузгача жавобсиз қолган.
«Коронавирусга қарши вакцинага эга бўлган мамлакатларга ушбу препаратга эҳтиёжи бор давлатлар учун 10 миллион доза вакцина ажратишини сўраб мурожаат қилганман. Аммо давлат раҳбарларидан ҳамон жавоб кутяпман», — дея таъкидлаган Адханом Гебрейесус.
Маълумот ўрнида, ЖССТ раҳбари ҳали вакцина олмаган 20 та давлатнинг соғлиқни сақлаш ходимлари ва қарияларини 10 апрелгача эмлаш зарурлигини айтганди.
Аввалроқ ЖССТ коронавируснинг келиб чиқиши тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ЖССТ коронавируснинг одамга юқиши билан боғлиқ 4 тахминни эълон қилгани маълум қилинган.



