АОКАда 3 апрель, шанба куни бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева ОИТС ва ОИВ касаллигига чалинган беморлар коронавирусга қарши эмланмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Кадр: YouTube

Таъкидланишича, барча эмланишга келганлар шифокор текшируви, зарур ҳолатда клиник ва лаборатор текширувлардан ўтказилади. Саломатликлари тўлиқ ўрганилиб, вакцинация қилиш учун кўрсатмаларга мос келсагина эмланади.

Коронавирус инфекциясига қарши эмлашлар қуйидаги ҳолатларда тавсия этилмайди:

  • Ҳомиладорлар, 18 ёшгача бўлган болаларга;
  • ОИТС (ОИВ) инфекцияси билан касалланганларга;
  • Вакцинани таркибий қисмидаги воситаларга аллергияси бўлган одамларга;
  • Сурункали касалликларни авж олган даври бўлса;
  • Бошқа инфекцион касалликларни ўткир даври бўлганларга.

Шунингдек, у коронавирусга қарши эмланганлар саломатлиги назорати шфокорлар ва патронаж ҳамширалар томонидан олиб борилишини айтди.

Маълумотларга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигида вакцина олганларни 3 кун давомида патронаж ҳамширалари хонадонларга бориб хабар олади ва кузатилиши мумкин бўлган вақтинчалик холатларни аниқлайди. Кимлардадир бирор ўзгариш кузатилса, шифокорни чақириб, шу фуқарода кузатилаётган ҳолат тўлиқ ўрганилади ва тавсиялар берилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда эмлаш тадбирлари қайси ҳудудларда биринчи бўлиб бошланиши ҳақида хабар берилганди.