Фарғона вилояти Қува туманида 20 ёшли йигитнинг ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилиб, ўлик ҳолда чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Ички ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Хабарга кўра, 2 апрель куни Фарғона вилоятининг Қува тумани Қалинпўстин маҳалласи бўйлаб пиёда кетаётган 2001 йилда туғилган фуқаро А.А. бирдан соғлиғи ёмонлашгани туфайли шифохонага олиб борилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, фуқаро А.А. шу куни вафот этган. Бирламчи ташхисга кўра, фуқаро А.А.нинг ўлимига ўткир юрак-ўпка етишмовчилиги, юрак ишемик касаллиги, икки томонлама буйраклар поликистози сабаб бўлган.

Маълум бўлишича, 31 март куни Қува тумани ИИБ профилактика инспекторлари томонидан ҳозирда марҳум фуқаро А.А. билан отаси Х.Ё.га карантин қоидаларини бузганлик ҳолати бўйича профилактик суҳбат ўтказилиб, расмий огоҳлантирилган. Мазкур ҳолат айни вақтда ИИБ биносида фуқарога жароҳат етказилганлиги сифатида ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда ходимлар унга ниқоб тақмагани учун жарима ёзмоқчи бўлгани, йигит қаршилик кўрсатгач, «ақл киргизиб қўйиш» мақсадида ичкарига олиб кетилиб куч ишлатилгани айтилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда ҳоким қабулига келган фуқаролар ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилаётгани акс этган видеога изоҳ берилган эди.