Бундан 243 йил олдин, 1778 йилнинг апрелида сизу бизга жуда таниш, дунё валютасига айланган АҚШ долларини англатувчи $ белгиси ўйлаб топилган. Ҳозирда кўпчилик учун пулни англатувчи ушбу белгини тарихни ўзгартирган белгилар Топ-10 талигига бемалол киритишимиз мумкин. Бироқ бу белгининг келиб чиқиш тарихини биламизми? «Bugun.uz» бешта бандда ушбу белгининг келиб чиқиш тарихи ҳамда аҳамияти ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: «Bugun.uz»

$ қандай пайдо бўлган? Унинг келиб чиқиши бўйича ўнлаб тахминлар мавжуд. Улар орасида камроқ оммалашган, бироқ энг ҳақиқатга яқин бўлгани асли ирланд миллатига мансуб янги орлеанлик бизнесмен Оливер Поллок томонидан биринчи марта песони ифодалаш учун ишлатган $ белгиси ҳисобланади. Ўша даврда испан пул бирлиги ҳисобланган песонинг кўплик шакли қисқартмаси (испанча pesos) «Ps» ёки «Ps» шаклида пул бирлигини ифодалашда қўлланиб келинган. Кейинроқ катта «P» ҳарфи устига кичик «s» ҳарфи бостириб ёзилган. Оливер Поллок эса 1778 йил 1 апрель куни конгрессмен Роберт Моррисга ёзган хатида бир миқдорни аввал «Ps» белгиси билан, кейин эса замонавий $ билан ёзди. Бу биринчи марта ушбу белги ёзилган хужжат сифатида тарихда қолди. Кейинчалик расмий ҳужжатларда Моррис уни қўллай бошлади.

Яна бир версияга кўра, «United States» бирикмасидаги бош ҳарфларнинг устма-уст ёзилишидан келиб чиққан. Бунда доллар белгисининг устидан ўтказилган иккита вертикал чизиқ айнан «U»нинг қўлланилишидан сақланиб қолган, деган фикрлар бор. Ушбу фаразни биринчи бор доктор Жеймс Алтон Жеймс ўртага ташлаган ва унинг асосчи оталаридан бири Роберт Морис ўйлаб топган, деб ҳисоблайди.

Нега буни билишимиз керак? Бугун дунёда энг кўп муомaлада бўлган пул бирликлари ичида долларнинг аҳамияти биз учун юқори. Ҳаётимизнинг қайси жабҳасига қарамайлик, асосан, меҳнат мигрантлари ва экспорт қилиш орқали қўлимизга етиб келадиган ҳамда одамлар орасида ўзаро ҳисоб-китоб қилиш, баҳолаш ишида биринчи тилга оладиганимиз доллар ва биз уни ёзувда осонгина қилиб $ шаклида фойдаланиб келамиз. Унинг қаердан ва қандай қилиб пайдо бўлгани биз учун, албатта, қизиқ ва фойдали бўлиши турган гап.

Оливер Поллок ҳақида. У 1737 йилда Ирландияда туғилди. 23 ёшида отаси билан Шимолий Америкага келди. Унинг кейинги ҳаёти Америка билан чамбарчас боғланди. У дастлаб испанлар билан савдо қилди. Кейинчалик Луизиана губернатори бўлган Алехандро О’Райли билан яқин алоқа ўрнатди. У Янги Орлеанда катта савдогарга айланди, айниқса, озиқ-овқат танқислиги даврида катта ишбилармон сифатида танилди. Оливер жуда зарур бўлган маҳсулотларни олиб келиб, ундан фойдаланиш ўрнига, маҳсулотларни ярим нархида сотди. Шундан кейин халқ орасида шуҳрати ортиб кетди. Америка инқилобидан сўнг анча камбағаллашиб кетди, лекин 1800 йиллар атрофида яна ўзини тиклаб олди ва Трудо уйи, Луизиана штатидаги Ғарбий Фелисия Паришидаги плантациялар ерларига эгалик қилди. У 1819 йилда вафот этди.

Оливер Поллокнинг Америка тарихида ўрни қандай? Америка инқилобида у жуда бойиб кетиб, катта сиёсий мавқега ҳам эга бўлди. Поллок Америка армиясининг энг йирик таъминотчиларидан бири эди. У Луизиана губернатори ва Америка «асосчи оталар»идан Патрик Анри ва Роберт Моррис ўртасида махфий воситачи бўлиб, Америка Қўшма Штатларини тузиш учун биринчи махфий ёрдамни олиб келишда катта роль ўйнади. Ўз вақтида Испаниянинг Америка томондан урушга киришида ва Луизиана, Алабама, Флорида штатларини инглизлардан озод қилишда ҳам алоҳида хизмат қилди. Бойлигининг катта қисмини урушда бой берди ва камбағаллашиб қолди. Уч марта Конгрессга сайловларда қатнашди, аммо сайлана олмаган. У АҚШ тарихида меҳнатлари учун кам қадрланган шахс сифатида кўрилади.

Ўзбекистонга қандай алоқаси бор? «Ўзбек сўми 1-чоракни АҚШ долларига нисбатан мустаҳкамланган ҳолда якунламоқда», «доллар курси сўнгги хафта давомида пасайишда бўлди» ёки «доллар миллий валютамизга нисбатан юқорилади», деган жумлаларга кўп кўзимиз тушади. Ўйлаб кўрганмизми? Ўзи нега долларга нисбатан солиштирамиз? Ҳозирда 100 долларлик АҚШ доллари купюраларининг 80 фоизи Қўшма Штатлардан ташқарида фойдаланилади. АҚШ Федерал захира тизими маълумотларига кўра, бугун ер юзи бўйлаб нақд пул кўринишида 1,74 триллион доллар айланиб юрибди. Унинг ярмидан камроғи АҚШда, кўпроғи бошқа мамлакатларда ишлатиляпти. Жуда катта миқдордаги ушбу валюта жаҳон савдо айланмасидаги ҳисоб-китобларда етакчилик қилади. Экспорт-импорт товарлари савдоларида ҳам долларнинг аҳамияти асосий ўринни эгаллайди.