Янгиликлар - 14:49 · 05.04.2021

Фарғонада салкам 10 млн сўм қалбаки пул ишлаб чиқарган эркак ушланди — фото

Фарғона вилояти Бағдод туманида 1 апрель, пайшанба куни 9 миллион  900 минг сўм сохта пул ишлаб чиқарган эркак қўлга тушди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Маълум қилинишича, ўтказилган тезкор-тадбирда 36 ёшли М.М. исмли эркак 9 миллион 900 минг сўм қийматдаги 100 минг сўмлик сохта купюрани харидор сифатида жалб қилинган фуқарога сотмоқчи бўлган. Аниқланишича, у 2 миллион 700 минг сўм эвазига бу пулни сотаётган вақтида ушланган.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Шунингдек, М.М.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда сохта пулларни тайёрлашда фойдаланилган «Lenovo» ноутбуки, «НР» рангли принтери ҳамда 5 000 сўмлик купюрадаги 200 дона, жами 1 миллион сўм сохта пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Қайд этилишича, М.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 1-қисми (Қалбаки пуллар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.  Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятида 55 млн сўм қалбаки пул чиқарган шахслар ушлангани ва Чилонзорда қарийб 57 млн сўмлик қадимий тангаларни сотаётган эркак қўлга олингани хабар қилинган эди.