22:56 | 06.04.21 80

Бош прокуратура Бухоро тиббиёт институтидаги коррупциявий ҳолатни ўрганишни бошлади

Аввалроқ институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчиси йирик коррупцияга қўл ургани ҳақида хабар тарқалганди

Бухоро тиббиёт институт ректори томонидан йирик коррупция ҳолатларига қўл урилгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Kun.uz»нинг маълум қилишича, Бош прокуратура институт фаолиятини ўрганишни бошлади.

Фото: «Bugun.uz»

Хабарга кўра, Бухоро давлат тиббиёт институти ҳолатга муносабат билдириб, эътирозларни рад этган. Мазкур ўрганиш учун вилоят бандлик бош бошқармаси, давлат молиявий назорат бошқармаси ва вилоят монополияга қарши курашиш бошқармасидан мутахассислар жалб қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Одам анатомияси дарслиги муаллифларидан бири ва айни вақтда институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчи Шуҳрат Тешаев «Bitubi Grupp» МЧЖ таъсисчиси Эдуард Исков билан келишган ҳолда бир нечта шартномалар орқали 1,4 миллиард сўмга яқин институт пулларини шу корхонага кўчириб бергани айтилган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу ҳолатни тафтиш қилишни сўраб, 2 апрель куни Соғлиқни сақлаш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига хат юборган.