Тошкент шаҳрида 6 апрель куни бўлиб ўтган Ўзбекистон–Россия ишбилармонлар кенгашининг 5-йиғилишида «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси матбуот котиби Намоз Толипов Ўзбекистонда рентген аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини айтди. У бу ҳақда «Bugun.uz» мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.

Фото: «EBS Radio»

Қайд этилишича, Ўзбекистон шу пайтгача тиббиёт ускуналари импорт қилинувчи давлатлар сирасига кирган ва барча тиббиёт асбоблари хориждан олиб келинган.

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси матбуот котиби пандемия даврида тиббий ускуналарга бўлган талаб ортганини ҳисобга олиб, уюшма тиббий ускуналар: ЭКГ, чақалоқлар инкубаторлари, рентген аппаратларини ишлаб чиқаришни режа қилаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, рентген аппаратларини ишлаб чиқариш лойиҳасига (тахминан 10 миллион доллар) инвестиция Россиянинг тиббиёт ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «МТЛ» компанияси томонидан киритилади. Лойиҳанинг тахминий жойи этиб Фарғона вилояти белгиланган (ўзгариши мумкин) ҳамда мазкур лойиҳа йил якунига қадар ишга тушиши режаланган.

Шунингдек, ходим «Иннопром» ҳафталик доирасида бўлиб ўтаётган йиғилишда 200 дан ортиқ маҳсулот уюшма томонидан тақдим қилинганини ва улар орасида электромобилларнинг қувватлаш ускуналари ҳам борлигини таъкидлади.

«Фарғонада электромобиль ишлаб чиқарадиган корхона ишга тушса, табийки, пластик картани нақдлаш учун банкомат талаб этилганидек, электромобилларни қувватлашга ҳам эҳтиёж пайдо бўлади», — деди уюшма ходими.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилгани тўғрисида хабар берилганди.