Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси билан эмланди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Берик Уали маълум қилди.

Фото: Қозоғистон Республикаси президенти матбуот хизмати

Унинг сўзларига кўра, эмлашдан сўнг ножўя таъсир кузатилмаган, ҳозирда президентнинг аҳволи яхши.

«Бугун давлатимиз раҳбари Қарағанди фармацевтика заводи томонидан ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинаси билан эмланди», — деб ёзган Берик Уали Facebook саҳифасида.

Қайд этилишича, президент Қозоғистон фуқароларини эмлаш ва жамоавий иммунитетни шакллантиришгина коронавирусни енгишга ёрдам бериб, барча чекловларни олиб ташлаши ва фуқароларнинг оддий ҳаёти ҳамда иқтисодий фаолиятининг тикланишини таъминлаши мумкинлигини таъкидлаган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев 2021 йилнинг январида синовдан муваффақиятли ўтган тақдирда коронавирусга қарши  Қозоғистон вакцинаси билан эмланишини айтганди.

«Биз маҳаллий вакцина синовининг ижобий натижасига умид қиламиз. Араг шундай бўлса, мен, албатта, Қозоғистон вакцинаси билан эмланаман», — дея маълум қилган давлат раҳбари.

Аввалроқ Қозоғистон апрелдан маҳаллий вакцинасини оммавий ишлаб чиқаришни бошлаши ҳақида хабар берилганди.