Шарқий экспресс. Қатнов тикланган Сувайш канали, Иорданияда ҳибслар, Қоҳира бўйлаб сайр қилган Рамзес II
Ўтган ҳафтада Яқин Шарқда юз берган энг долзарб хабарлар билан Шарқий экспресс рукнида танишинг.
Сувайш каналида кемалар қатнови тикланди
Ниҳоят, 29 март куни тонгда Сувайш каналида саёзликка чиқиб қолган ва каналнинг қатнов қисмини буткул ёпиб қўйган Ever Given кемаси сувга қайтарилди. Бунинг ортидан 30 март куни каналда кемалар қатнови қайтадан тикланди. 3 апрелга келиб эса канал ўз фаолиятини тўлиқ қайта тиклаган.

Мазкур ҳодиса натижасида 420 дан ортиқ кема бир ҳафта мобайнида Қизил ва Ўрта денгизларни боғлайдиган Сувайш канали портларида тирбандликда қолиб кетди. Унинг жаҳон иқтисодига зарари эса миллионлаб долларни ташкил қилди. Канал орқали жаҳон савдо айланмасининг 10 фоизи амалга оширилади. Миср эса ушбу ҳодиса туфайли бир неча юз миллион доллар зарар кўрди.
Ушбу ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган. Кеманинг ўзи эса Амер кўлида назоратда ушлаб турилибди.
Ҳозирча ҳодисага инсон омили сабаб бўлгани ҳақидаги версия ҳам илгари сурилмоқда.
Иорданияда сиёсий инқироз бошланмоқдами?
Дам олиш кунлари Иорданияда хавфсизлик ходимлари томонидан ўтказилган операция давомида қиролнинг собиқ маслаҳатчиси ҳибсга олинди. Шунингдек, собиқ валиаҳд шаҳзода Ҳамза бин Ҳусайн уй ҳибсида сақланаётгани маълум қилинган. Ҳукуматга қарашли Петра ахборот агентлиги ҳам мазкур ҳибсларни тасдиқлаган.

Ҳибсларнинг сабаби нима? Петра агентлигига кўра, мазкур шахслар ва яна бир қанча кишилар «хавфсизлик нуқтаи назаридан» ҳибсга олинган. Жумладан, шаҳзода Ҳамзага нисбатан «мамлакат хавфсизлгига таҳдид деб билинган хориж ташкилотлари билан ҳамкорлик» қилганлик айблари қўйилган. Ҳамзанинг ВВСга адвокати томонидан жўнатилган видеода армия бош штаби бошлиғи унинг уйига келиб, ташқарига чиқмаслик ҳақида топшириқ берган. Мазкур видеода у ўзига қўйилган айбловларни рад этган ва тузумни коррупцияга ботганликда айблаган.
Иорданиянинг собиқ қироли Ҳусайннинг ўғли бўлган Ҳамза 2004 йилда қирол Абдуллоҳ II томонидан валиаҳд мартабасидан туширилганди. Валиаҳдлик эса ўғли Ҳусайнга берилган эди.
Мазкур ҳодисалар ортидан Иорданиянинг икки ҳамкори АҚШ ҳамда Саудия Арабистони қиролни қўллаб-қувватлашларини эълон қилган. Шунингдек, минтақадаги Ливан, Баҳрайн каби давлатлар ҳам қирол ҳукуматини қўллашларини эълон қилган.
Шунингдек, Франциянинг RFI радиоси Исроилдаги мухбирига таяниб, Исроилнинг Аммандан келаётган хабарларни диққат билан кузатиб турганини ёзмоқда. Иордания ва Исроил ўртасидаги алоқалар қарийб ярим асрдан буён худди чўғ устида тургандек тасаввур уйғотади. Ҳозирда икки мамлакат ўртасидаги чегара Исроил чегаралари орасидаги энг хавфсиз чегара ҳисобланади. Ушбу мамлакатда юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай инқироз Исроил учун ҳам хавф бўлиб ҳисобланади.
Қоҳирада мўмиёлар сайри
3 апрель оқшомида Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида ўзига хос «Фиръавнлар сайри» бўлиб ўтди. Гап шундаки, бир асрдан буён Таҳрир майдонидаги Қоҳира музейида сақланаётган Қадимги Миср фиръавнларининг мўмиёланган жасадлари янги ташкил этилган Миср цивилизацияси миллий музейига тантанали равишда ўтказилди.

22 та мўмиёланган фиръавнлар ва маликалар жасадлари солинган тобутлар шоҳона кортежларда олтин рангидаги машиналарда Қоҳира бўйлаб ўзининг янги қўнимгоҳига етиб борди. Маросим Миср телевидениеси орқали бутун дунё бўйлаб намойиш этилди. Маросимда мамлакат президенти Абдулфаттоҳ Сиси ҳамда UNESCO директори Одри Азуле ҳам иштирок этди. Намойишларда жами 60 та мотоцикл, 150 та от, 330 нафар спортчи, 150 нафар мусиқачи ва 150 нафар мудофаа вазирлиги ходимлари сафарбар этилди. Барча қатнашчилар қадимги Миср даври акс этган либосларда ва қиёфаларда намоён бўлди.
Кўчирилган мўмиёлар орасида машҳур Рамзес II нинг мўмиёланган жасади ҳам бор эди. Мазкур операция ҳақида ЮНEСКО директори Одри Азуле хоним ҳам фикр билдириб, ушбу ташаббус мўмиёланган жасадларни яхши сақлаш ва намойиш этишга кўмак беришини таъкидлаган.
Мисрда ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларида Буюк Британия магнатларининг ҳомийлиги ёрдамида кенг кўламли археологик тадқиқотлар олиб борилган бўлиб, мўмиёланган жасадлар айнан шу даврларда топилган.
Фиръавнлар қарғиши
Мисрда юз берган 2011 йилги инқилоб ва унинг натижасида юзага келган сиёсий беқарорлик мамлакатнинг туризм салоҳиятига анча путур етказган эди. Миср ҳукумати туристларни қайтариш мақсадида ҳам маданий соҳага кўплаб инвестициялар киритиш сиёсатини олиб бормоқда.
Миср цивилизацияси миллий музейидан ташқари, ҳукумат яқин бир ой ичида Гизадаги пирамидалар олдида Миср катта музейини ҳам ташкил қилмоқчи. У ерда асосан фиръавнларга тегишли ашёлар намойиш этилиши кўзда тутилган.
Маълумки, 1920 йилларда Тутанҳамон мақбарасини очишда иштирок этган экспедиция аъзолари бирин-кетин сирли равишда ҳалок бўлиши ортидан фиръавнлар қарғиши ҳақидаги афсоналар вужудга келган эди. Бу сафар ҳам мўмиёларнинг кўчирилиши олдидан бир қатор ижтимоий тармоқларда араб тилида фиръавнлар қарғиши ҳештеги остида мамлакатда юз берган фалокатларни мазкур воқеага боғлаб акциялар ўтказилган. Жумладан, Сувайш каналидаги ҳодиса, поезднинг ҳалокати натижасида 18 кишининг вафот этиши ва Қоҳирадаги бинонинг қулаши натижасида 25 кишининг ҳалок бўлишини ҳам айнан фиръавнлар жасадларининг безовта этилиши билан боғлашга уринишлар бўлган.
Нима бўлганда ҳам Яқин Шарқ доим қайноқ нуқта бўлиб келган ва биз ҳар ҳафта мазкур минтақа ҳаётидан энг долзарб хабарларни сизга етказиб турамиз.
Жаҳонгир Остонов тайёрлади