Тошкент ва Киев ўртасида мунтазам авиақатновлар тикланади
Парвозлар 8 апрелдан бошланади
«Украина халқаро ҳаво йўллари» авикомпанияси 8 апрелдан бошлаб Тошкент ва Киев ўртасида мунтазам парвозларни тиклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, авиакомпания жадвалига 8 апрелдан 27 майгача амалга ошириладиган мунтазам парвозлар киритилган.
«Украина Халқаро ҳаво йўллари парвозларни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро ҳаво транспорти ташкилоти, Европа авиация хавфсизлиги агентлиги, Европанинг касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази, шунингдек, Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Украина давлат авиация хизмати томонидан тавсия этилган хавфсизлик стандартлари ва талаблари асосида амалга оширади», дея таъкидланган матбуот хизмати хабарида.
Аввалроқ Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Германия билан авиақатновларни тиклагани маълум қилинганди. Шунингдек, Наврўз байрами арафасида Эрондан чартер рейслар йўлга қўйилиши ва Тошкент–Нур-Султон–Тошкент йўналишида авиарейслар сони кўпайтирилиши маълум қилинган.