Тошкентда судьялар, суд ва ЙҲХББ собиқ ходимларига нисбатан ҳукм ўқилди
Улар 4 млрд сўмга яқин давлат маблағини талон-тoрож қилган
Судьялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаровнинг «Bugun.uz» мухбирига маълум қилишича, Зангиота туман судида судьялар, суд ходимлари ва ИИББ ЙҲХББ собиқ ходимларига нисбатан ҳукм ўқилди.

Турсунали Акбаровнинг таъкидлашича, жиноят иши доирасида 13 нафар шахс судланувчи сифатида жалб этилган. Уларнинг 3 нафари собиқ судья, 3 нафари собиқ судья ёрдамчилари, 7 нафари Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХББ собиқ ходими бўлган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчилар Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг «а, в» бандлари (Жуда кўп миқдордаги ўзганинг мулкини уюшган гуруҳ томонидан ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси 2-қисмининг «а, б» бандлари (Мансаб сохтакорлиги) ва 227-моддаси 2-қисмининг «а» банди ( Ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) билан айбли деб топилган ва тегишли жазолар тайинланган.
Қайд етилишича, дастлабки тергов даврида аниқланган 3 353 456 647 сўмлик зарардан 2 991 456 647 сўм қоплангани эътиборга олинган.
«Айни пайтда судланувчиларнинг шахси ва жиноят иши тафсилотлари очиқланиши мақсадга мувофиқ эмас. Чунки ҳукм қонуний кучга кирмаган. Қонуний кучга кирмаган ҳукм бўйича судланувчиларнинг шахси ва иш тафсилотларини очиқлаш айбсизлик презумпцияси тамойилига зид ҳисобланади. Ҳукмга нисбатан судланувчилар томонидан апелляция шикояти берилган», — дейди Турсунали Акбаров.
Шунингдек, ушбу собиқ судьялар фаолияти (жиноят иши қўзғатилишига қадар) ўрганилиб, йўл қўйган жиддий хато ва камчиликлари учун Судьялар олий кенгаши томонидан вазифасидан озод этилгани алоҳида қайд этилган.
Аввалроқ Наманганда банк ходимлари салкам 350 млн сўм имтиёзли кредитни талон-торож қилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Тошкентда ички йўлларни таъмирлашга ажратилган пулларни талон-торож қилган мансабдорлар аниқланган.