«Навбаҳор» ва «Пахтакор» ўйини якунида пенальти белгилаган ҳакамга мухлислар чиқинди улоқтирди — видео
«Навбаҳор» ҳамда «Пахтакор» футбол жамоалари Наманган шаҳридаги стадионда 7 апрель куни Суперлига 5-тури доирасидаги дастлабки ва марказий учрашувни ўтказди. Ўйин якунида ҳакам қарори билан пенальти белгиланди ва «Пахтакор» кичик ғалабага эришди.

Ижтимоий тармоқда «Навбаҳор» мухлислари стадионни тарк этаётган ҳакамга чиқиндилар улоқтириб кузатаётгани акс этган видео тарқалди. Шунингдек, ҳисобдан норози мухлислар стадион ташқарисида тўпланиб, ҳакамни турли сўзлар билан ҳақорат қилган.
«Tribuna.uz»нинг ёзишича, учрашувнинг 41-дақиқасида Черан гол билан ҳисобни очган бўлса, 71-дақиқада Соловев–Голбан– Ғофуровнинг комбинациясини Исоқжонов гол билан якунлаган. Ўйин 1:1 ҳисобида якунланган.
Ўйиннинг кульминацион воқеаси 90-дақиқада юз берган. Учрашув бош ҳаками VAR орқали «Навбаҳор» дарвозасига пенальти белгилаган. Нуқтага яқинлашган Черан дублини расмийлаштириб, «Пахтакор»га мавсумдаги кетма-кет 5-ғалабасини келтирган. Мухлислар эса бу вазиятда пенальти йўқ эди, деб ҳисобламоқда.
Шу билан бирга, тармоқда тарқалган видеода норози мухлислар ҳакамлар бригадаси ўтирган машинани ўраб олиб, ҳаракатланишга имкон бермагани тасвирланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Сўғдиёна»–«Турон» учрашувида бош ҳакам қарорларидан норози мураббий ўзбек футболидаги ҳакамларнинг қинғир ишлари ҳақида гапирганди. Кейинчалик ўйинни бошқарган бош ҳакам футболдан четлатилгани хабар қилинган.
