Қашқадарёда уйга бостириб кириб, пул ва тилла тақинчоқларни ўғирлаган 3 номаълум шахс ушланди
Қашқадарё вилояти Қарши туманида 2021 йилнинг 10 январь куни уйга бостириб кириб, 3200 АҚШ доллар, 5 миллион сўм пулни ҳамда 4 дона тилла тақинчоқни ўғирлаган 3 нафар номаълум шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа соат 21:15 ларда Кўчкак маҳалла фуқаролар йиғини Тинчлик кўчасида содир бўлган. Аниқланишича, номаълум шахслар қўлларига қўлқоп, бошига қора рангли бош кийим кийиб, юзларига ниқоб таққан ҳолда М.П.нинг ҳовлисига девор орқали ошиб кирган. Уйда бўлган М.П. ва унинг қизи К.Ф.га «Россиядан келган пул қани?» деб, уларга ҳужум қилган ҳамда қаршилик кўрсатган К.Ф.нинг бош соҳаларига бир неча марта муштлаган. Шунингдек, рўмол ва ўзлари билан олиб келган скотч билан қўл ва оёқларини боғлаб, оғзини скотчлаб, пул бермаса ўлдириб кетиш билан қўрқитган. Хона ичидаги сейфни очдириб, 3200 АҚШ доллар, 5 млн сўм пулини ҳамда 4 дона тилла тақинчоқларини олиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Қайд этилишича, дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Қарши шаҳар Бўстон МФЙ Бўстон кўчасида яшовчи Х.А. мазкур жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган. У кўрсатмаларида мазкур жиноятни Қарши шаҳар Каманди МФЙ Маърифат кўчасида яшовчи Э.Х. ва Қарши шаҳар Бўстон МФЙ Тошқўрғонда яшовчи Б.Ш.лар билан биргаликда содир этганини маълум қилган. Шундан сўнг мазкур жиноят иши бўйича Э.Х. гувоҳ тариқасида сўроқ қилинганда, у мазкур жиноятни танишлари Х.А. ва Б.Ш.лар билан биргаликда содир этганини билдирган. Ш.Б. гувоҳ тариқасида сўроқ қилинганда у мазкур жиноятни Х.А. ва Х.Э.лар билан биргаликда содир этганини ўз кўрсатмасида тасдиқлаган.
Жиноят иши бўйича фуқаролар Э.Х, Х.А. ва Б.Ш.лардан ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олиниб, жабрланувчилар Ф.К. ва М.П.ларга видеотасвирга тушириш орқали таниб олиш учун кўрсатилганда, такдим қилинган тилла тақинчоқлар орасидан ўзларига тегишли бўлган тилла тақинчоқларни таниб олишган.
Ш.Б. ва Э.Х. Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 3-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) тартибида ушланиб, Қарши тумани ИИБ ВСХга жойлаштирилган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда сейфдан 42 минг доллар ўғирлаган эркаклар ушлангани ва Фарғонада ўзганинг уйидан қарийб 13 млн сўм пул ўғирлаган аёл ушлангани хабар қилинган эди. Шунингдек, Самарқандда ота-болани болға билан ўлдириб, уйидан 72 млн сўмлик буюмларни ўғирлаган эркакка ҳукм ўқилгани маълум қилинган.