Қатар ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилади
Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Қатар давлати авиация идоралари делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Қатар делегациясининг республикага ташрифи Ўзбекистон ва Қатар ўртасида ҳаво қатновига доир ҳукуматлараро битим тузиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри йўловчи авиақатновларни йўлга қўйиш масалаларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ.
Қайд этилишича, Қатар томони Ўзбекистон ҳукуматининг ҳудудий аэропортларда «очиқ осмон» режимининг жорий қилиниши, хорижий авиакомпаниялар томонидан чартер рейсларини ташкил этишни рағбатлантириш мақсадида «cash-back» механизмларини қўллаш каби авиация бозорини либераллаштириш бўйича қарорлари билан таништирилди. Учрашувда Қатар фуқаро авиацияси хизмати департаменти бошлиғи Муҳаммад Фалеҳ Алхажри Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳамда тарихий-маданий меросга эгалиги Қатар фуқароларида юқори қизиқиш уйғотишини таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, Ўзбекистон билан Қатар ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битим имзоланиши икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш, сайёҳлик ва ишбилармонлик алмашинувини жадаллаштирилишига хизмат қилади.

Таъкидланишича, «Qatar Airways» департаменти раҳбари Салам Ал-Самаррий авиакомпаниянинг Ўзбекистонга парвозларни амалга ошириш ва республиканинг минтақавий аэропортларида жорий қилинган «очиқ осмон» режимидан фойдаланишга, жумладан, Форс кўрфазининг бошқа мамлакатларидан ҳам сайёҳларни жалб қилишга юқори қизиқиш билдирди. Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик битим лойиҳаси юзасидан мавжуд масалаларнинг тезкор ҳал этилиши, имзоланиши ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш, туризм соҳасида янги лойиҳаларни амалга оширишга доир мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

Аввалроқ Тошкент ва Киев ўртасида мунтазам авиақатновлар тикланиши ва Ўзбекистондан Россияга учувчи мунтазам авиарейсларнинг ҳозирча қайта йўлга қўйилмагани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Урганч–Истанбул–Урганч йўналишида янги мунтазам авиақатнов йўлга қўйилиши маълум қилинган.