Туркияда ниш урган буғдой, Германияда апрель қори, Исландияда қайноқ лава, Австралияда қоғоз ковбой, Наманган гуллари — 7 апрель суратлари
Сўнгги ҳафталар ичида Исландияда бир нечта вулқон отилиши содир бўлди. Шундай вулқонлардан бири 6 минг йил ўтиб отилган эди. Шу кеча-кундузда яна бир вулқон отилиб, ундан лава оқиб чиқа бошлади. Ўзига хос гўзаллик яратган мазкур жараённи томоша қилиш учун ҳар доимгидек одамлар ҳодиса жойига етиб келди.







Апрель ойи ўтиб борар экан, баъзи бир ҳудудларда ҳамон қиш ҳукмронликни беришни истамаётгандек. 7 апрель куни Германиянинг бир қатор ҳудудларида қор ёғди. Ёққан қор ерни оппоқ тусга буркади.







Германияда қор ёғиб турган бир пайтда Туркияда буғдой ва арпа майдонлари яшил тусга кириб бормоқда. Жумладан, мамлакатнинг Тунжели вилоятида экилган буғдой ва арпа экин майдонлари яшил тусга кирди. Қизиғи, март ойида Туркия ҳам қор остида қолган ва сайтимизда у ҳақида суратлар эълон қилган эдик.





Табиат ўз гўзалликларини туҳфа қилиб турган бир пайтда дунёнинг кўплаб давлатларида карантин чоралари кучайтирилиб, инсонлар ўз уйларига қамалиб қолаётгани кўнгилни хира қилмай қолмайди, албатта. Жумладан, Австралиянинг Брисбан шаҳрида меҳмонхонада қамалиб қолган Девид Мерриот ўзига буюртма қилган овқатларнинг қоғоз идишларидан қўлбола от ясаб олган. Шунингдек, ўзига ковбойлар кийимини ҳам ясаган. Мерриот бу ишни жуда зерикиб кетганидан қилганини тан олган ва суратларини бўлишган.






Ўзбекистоннинг гўзал масканларидан бири Наманган шаҳридир. Унинг гуллар шаҳри дейилиши ҳам бежиз эмас. Қуйида Наманган гулларини эътиборингизга ҳавола этамиз. Кўринг ва баҳра олинг.







