Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида қўлбола усулда ароқ тайёрлаб сотиш билан шуғулланган аёл қўлга тушди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Кадр: YouTube/ «Bugun TV»

Хабарга кўра, фуқаро ўз уйида ҳеч қандай ҳужжатларсиз, қўлбола усулда тайёрланган 0,5 ҳажмли спиртли ичимликларнинг ҳар бир шишасини 14,583 сўмдан ҳисоблаб, жами 180 шишани 2 625 000 сўмга сотган вақтида ушланган. Тадбир натижасида фуқаронинг уйидан 0,5 ҳажмли 47 шиша ароқ борлиги аниқланиб, ундан жами 0,5 ҳажмли 227 шиша ароқ вақтинчалик ашёвий далил тариқасида олинган.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Санитария эпидемиологик осойишталик маркази томонидан ўтказилган текширувда ашёвий далил тариқасида олинган алкоголь маҳсулотлари истеъмол учун яроқсизлиги аниқланган. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон ИИВ эксперт-криминалистика бўлимининг хулосасида ашёвий далил тариқасида олинган жами 227 дона ароқ шишаларининг оғзидаги акциз маркалардан 7 дона марка қалбаки эмаслиги, қолган 220 дона акциз марка қалбаки экани кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразмда 2400 шиша яроқсиз алкоголь маҳсулотини 3300 долларга сотаётган эркак ушлангани ҳақида хабар берилган.