Сенат Қашқадарёда хорижий инвестицияларни жалб қилиш соҳасини кўриб чиқди
Ўрганиш давомида 544 млн доллар қийматга эга 24 та лойиҳа режалаштирилгани айтилган
Қашқадарё вилоятида 8 апрель куни Сенат томонидан хорижий инвестицияларни жалб қилиш соҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, вилоятда экспортни қўллаб-қувватлаш ҳамда юқори самарали махсус иқтисодий ва саноат зоналарини ташкил этиш йўналишидаги ишларни ҳар томонлама ўрганишга киришган.

Хабарга кўра, дастлабки кунда ишчи гуруҳ вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вилоят бошқармаси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Уларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва илгари тузилган экспорт шартномаларини бажариш жараёни батафсил муҳокама этилган.
Маълум қилинишича, 2021 йилга мўлжалланган ҳудудий инвестиция дастури доирасида 24 та лойиҳани амалга ошириш учун 544 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, умумий қиймати 165 миллион доллардан зиёд бўлган экспорт маҳсулотларини етказиб бериш режалаштирилмоқда.

Ҳозирги пайтда ўз вақтида амалга ошириш имкони бўлмаётган инвестиция лойиҳаларига, шунингдек, инвесторлар ва экспорт қилувчи корхоналар дуч келаётган муаммоларни ҳал қилишда маҳаллий ҳокимият органлари томонидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигига эътибор қаратилган.
Хорижий инвесторлар ва экспорт қилувчиларнинг эҳтиёжларини, ихтисослашган давлат органлари ишларининг сифатини баҳолаш мақсадида ишчи гуруҳ жойларда ишлаб чиқариш объектларига ташриф буюрган ҳолда қатор корхоналар раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказган.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари Муборак ва Косон туманларида бўлиб, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнини кўриб чиқди. Қолаверса, тадбиркорлар ва Савдо-саноат палатаси ҳудудий бўлинмаси раҳбарияти билан учрашган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Хоразмда амалга ошириладиган 1,3 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишганлиги ҳамда тақдимотда туризм, энергетика, чарм-саноат, заргарлик, қурилиш соҳасига доир лойиҳалар кўриб чиқилганлиги хабар қилинган эди.