Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги 28-сонли мактабда 8 апрель куни директор ўринбосари рўмолли қизларга танбеҳ берди. «Bugun.uz» ижтимоий тармоқда тарқалган видео юзасидан аниқлик киритиш мақсадида мутасаддилар билан боғланди.

Кадр: Telegram/ @mobilmuxbiruz

Видеодан маълум бўлишича, мактаб маъмурияти 10-синф ўқув хонасига кириб, текшириш ўтказган. Рўмолли қизларни доска ёнида турғизиб, танбеҳ берган.

«Ҳали буни ўрашдан зерикасиз. Худойим умрингиз узоқ қилсин, ўраб зерикасиз. Ҳозир мактаб-ку, бу ернинг ўз қонун-қоидаси бор, ўз формаси бор. Шуни биласизларми?

11-синфми булар ҳам? 10-ми? 10-синф ўқувчиси шу даражада ўранасизларми-эй?» — дея қизларга танбеҳ берган мактаб директори ўринбосари.

Шунингдек, текширувчилар орасида бўлган яна бир эркак ўқитувчи қизлардан рўмол ўрамаса, мусулмончиликдан чиқиб кетмаслигини таъкидлаган. Уларнинг уйидагилари бунга мажбур қилаётган ёки йўқлигини ҳам сўраган. Қизлар эса ўз хоҳиши билан рўмол ўрашини айтган. Синфхонада бўлган фан ўқитувчиси ҳам қизларнинг ўранишига муносабат билдирган.

«Бу — мода. Бошни катта салла қилиб олган булар. Бу рўмоллари арзон бўлса ҳам, майли. 50 мингдан мана шунинг бир донаси», — дейди ўқитувчи.

«Bugun.uz» мухбири мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрихон туман халқ таълими бўлими билан боғланди. Бўлим матбуот котибининг маълум қилишича, 8 апрель куни 28-мактаб директори ўринбосари Зайнобиддин Нуриддинов 10-синф ўқувчилари билан кийиниш маданияти юзасидан суҳбат ўтказган.

Шаҳрихон туманидаги 28-сонли умумий ўрта таълим мактаби
Фото: Мактаб маъмурияти

Суҳбат давомида халқ таълими вазирининг 2020 йил 28 майдаги 131-сонли қарори 2-боб 8-бандига асосан, жамоа аъзолари таълим муассасасида қуйидагиларга амал қилишлари лозимлиги, ўқувчилар таълим муассасасига мактаб формасида, раҳбарият ва педагог ходимлар эса мактаб уставида белгиланган кийимда келишлари керак, деб кўрсатилгани тушунтирилган.

Шу билан бирга, нашр мухбири мактаб директори Улуғбек Мамажонов билан ҳам суҳбат ўтказди. Таълим муассасаси раҳбари ўқитувчи мактаб қоидаларига мос тарзда рўмол ўрамаган қизларга тушунтириш берганини қайд этди.

«Фақатгина мен эмас, раҳбарларимиз ҳам рўмол ўрамасин, дегани йўқ. Ўқитувчи ҳам рўмолни ўқувчига мос тарзда ўранглар, деб тушунтиргани кирган. Бизда ўзи рўмолга қаршилик қилингани йўқ, фақатгина тушунтириш берилган, холос. Бу ўқувчиларимизга ҳеч қандай қаршилик бўлмади, улар ҳали ҳам рўмол ўраб юришибди», — дейди директор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда директор рўмол ўраган қизларни мактабга киритмагани айтилган хабарга муносабат билдирилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда «Айтишларича, Тошкентдаги 168-мактабда рўмолли қизлар мактабга киритилмабди» сарлавҳаси остида тарқалган хабарлар бўйича изоҳ берган эди.